Ўзбекистонда уй-жойни «рассрочка»га сотишга чеклов қўйилади
Бугун истеъмолчилар учун товар ва хизматларни бир йўла тўлаш эмас, балки уларнинг қийматини маълум муддат давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тобора оммалашмоқда. Айниқса, маиший техника, электроника, мебель, таъмирлаш ва бошқа кундалик эҳтиёжлар учун муддатли тўлов хизматларига талаб ортиб бормоқда.
Бир қарашда оддий ва қулай бўлган ушбу механизмнинг иқтисодий аҳамияти катта. Чунки муддатли тўлов аҳолига зарур товарни бугун харид қилиш ва унинг қийматини кейинчалик босқичма-босқич тўлаш имконини беради. Бироқ, бозорнинг тез суръатларда кенгайиши уни ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан тартибга солишни ҳам талаб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Марказий банкнинг маълум қилишича, 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолиятини янги тартиб асосида ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу механизмнинг асосий мақсади муддатли тўлов бозорида шаффофликни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг яширин ҳамда ортиқча қарз юки шаклланишининг олдини олиш.
Янги ёндашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — муддатли тўлов хизмати оператори тушунчасининг ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиши. 2027 йил 1 январдан бундай хизматларни кўрсатувчи операторлар махсус реестрга киритилганидан кейин фаолият юритиши мумкин бўлади. Бунда Марказий банк асосий тартибга солувчи ва назорат қилувчи орган сифатида белгиланади. Банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш тартибида, бошқа юридик шахслар эса Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали реестрга киритилади.
Бу, аввало, бозорда ким молиявий хизмат кўрсатаётганини аниқлаш, хизмат кўрсатувчиларнинг масъулиятини ошириш ва истеъмолчининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш имконини беради. Айни пайтда муддатли тўлов объекти сифатида кўчмас мулк, шунингдек, муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган мол-мулкдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Янги талабларга кўра, муддатли тўлов хизматининг энг юқори миқдори БҲМнинг 250 баравари этиб белгиланади. Амалдаги ҳисоб-китобларда бу тахминан 100 миллион сўмга тенг. Муддат эса 12 ойдан ошмаслиги керак. Агар шартнома муддати 12 ойдан ортиқ бўлса, у истеъмол кредити шартномаси сифатида баҳоланади. Бу норма иқтисодий жиҳатдан муҳим. Чунки қисқа муддатли бўлиб-бўлиб тўлаш билан узоқ муддатли кредит муносабатларини бир хил тартибда баҳолаб бўлмайди. Муддат узайган сари истеъмолчининг умумий харажати ва қарз юки ҳам ортиши мумкин.

Шу сабабли янги тизимда муддатли тўлов ва истеъмол кредити ўртасида аниқ ҳуқуқий чегара қўйилмоқда. Энг муҳим кафолат — истеъмолчи қарзни исталган вақтда жаримасиз ёпиши мумкин. Янги тартибнинг истеъмолчи учун энг аҳамиятли жиҳатларидан бири — қарзни муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқининг кафолатланиши. Фуқаро муддатли тўловни исталган вақтда тўлиқ ёки қисман қоплаши мумкин. Бунинг учун ундан қўшимча жарима, пеня ёки комиссия ундирилмайди. Масалан, фуқаро 12 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш асосида товар харид қилди ва бир неча ойдан сўнг унинг молиявий имконияти яхшиланди. Янги қоидалар унга қолган қарзини олдиндан ёпиш ва ортиқча тўловларнинг янада кўпайишининг олдини олиш имконини беради.
Бу истеъмолчи манфаатини ҳимоя қилиш билан бирга, хизмат кўрсатувчи ташкилотларни ҳам янада адолатли бизнес моделига ўтишга ундайди. Муддатли тўлов бозоридаги асосий муаммолардан бири — товарнинг рекламада кўрсатиладиган нархи билан уни бўлиб-бўлиб тўлаш натижасида истеъмолчи тўлайдиган якуний сумма ўртасидаги фарқнинг ҳар доим ҳам очиқ кўрсатилмаслиги. Шу боис янги талабларда комиссия, устама ва бошқа тўловларни алоҳида кўрсатиш назарда тутилмоқда. Товарнинг базавий қиймати билан бир қаторда муддатли тўлов учун қўшиладиган устама ҳамда кредитнинг тўлиқ қиймати истеъмолчига бир хил ўлчамдаги матнда, аниқ ва тушунарли кўринишда тақдим этилиши керак.
Бу талабнинг иқтисодий моҳияти жуда оддий: истеъмолчи қарор қабул қилишдан олдин товарнинг ҳақиқий қийматини билиши лозим. Масалан, «ойига фақат 500 минг сўмдан» деган реклама истеъмолчини жалб қилиши мумкин. Агар товарнинг нақд нархи 5 миллион сўм бўлиб, муддатли тўловда умумий тўлов 6,5 миллион сўмга етса, айнан шу фарқ ҳам истеъмолчига очиқ кўрсатилиши керак. Янги механизмда асосий қарздан ташқари воситачилик ҳақлари, неустойка, жарима, пеня ва бошқа тўловларнинг миқдорига ҳам чеклов қўйилмоқда. Умуман олганда, асосий қарздан ташқари барча тўловлар йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этмаслиги белгиланмоқда.
Бу норма аҳолининг «арзон ва қулай» кўринган хизматдан фойдаланиб, якунда катта миқдорда қўшимча харажатга дуч келишининг олдини олишга хизмат қилади. Муддатли тўловнинг кенгайиши истеъмол бозори учун ижобий таъсирга эга. Аҳоли товар харид қилиш имкониятига эга бўлади, савдо айланмаси ошади, ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо субъектлари учун талаб кенгаяди. Бироқ иккинчи томон ҳам бор: аҳолининг даромадига нисбатан қарз мажбуриятлари ҳаддан ташқари кўпайса, бу нафақат алоҳида оиланинг молиявий ҳолатига, балки умумий истеъмол талабига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун янги тартибда муддатли тўлов операторларига қарз юки бўйича белгиланган талабларга риоя қилиш мажбурияти юкланмоқда. Бу ёндашувнинг асосий мақсади — истеъмолчини кўпроқ қарз олишга эмас, балки ўзининг молиявий имкониятини ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қилишга йўналтириш.
Яна бир муҳим янгилик — кредит бюролари билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш талаби. Бу механизм орқали фуқаронинг мавжуд қарз мажбуриятлари ва уларни бажариш ҳолати ҳақида маълумот шаклланади. Бундай тизим икки томонлама аҳамиятга эга. Бир томондан, молиявий ташкилотлар мижознинг қарздорлик ҳолатини яхшироқ баҳолайди. Иккинчи томондан, интизомли тўловчи фуқаронинг ижобий кредит тарихи шаклланишига хизмат қилади. Бироқ бу ерда маълумотларнинг аниқлиги ва фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам муҳим. Нотўғри киритилган маълумот истеъмолчининг кейинги кредит олиш имкониятига таъсир қилмаслиги учун ахборот алмашинуви шаффоф ва ишончли бўлиши зарур.
Муддатли тўлов хизматларида реклама истеъмолчининг қарор қабул қилишига бевосита таъсир қилади. Шунинг учун товарнинг устама ҳақи ҳақида чалғитувчи маълумотлардан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда. Энг муҳими, товарнинг базавий қиймати, муддатли тўловдаги устама ва кредитнинг тўлиқ қиймати бир хил кўринишда ва тушунарли тарзда кўрсатилиши талаб этилади. Бу талаб рақобатни ҳам соғломлаштиради. Чунки энди компаниялар фақат «энг паст ойлик тўлов»ни реклама қилиш орқали эмас, балки ҳақиқий нарх ва хизмат сифати орқали рақобатлашишига тўғри келади.
Янги тизим муддатли тўлов бозорида фаолият юритувчи субъектларни ҳам аниқ белгилаб беради. Банклар ва микромолия ташкилотлари амалдаги молиявий назорат тизими доирасида ишлайди. Бошқа юридик шахслар эса белгиланган тартибда Марказий банк реестридан ўтиши лозим бўлади. Бунда операторларга пруденциал нормативларга риоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, рақамли идентификация ва верификацияни амалга ошириш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши талабларга риоя қилиш каби мажбуриятлар юкланади.
Жисмоний шахслардан маблағ жалб қилишга эса йўл қўйилмайди. Облигациялар чиқариш бундан мустасно. Товар истеъмол кредитини берувчи ташкилотлар учун ҳам муайян мезонлар белгиланмоқда. Хусусан, товар айланмаси 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган ва бўлиб-бўлиб тўлаш хизматининг улуши 50 фоиз ёки ундан юқори бўлган ташкилотларнинг фаолиятига алоҳида талаблар қўйилади. Бунда ишлаб чиқарувчи корхоналар мустасно этилади. Ушбу ёндашув бозорнинг кичик иштирокчиларини ортиқча маъмурий юкламага дучор қилмасдан, молиявий хизмат кўрсатиш кўлами сезиларли бўлган субъектларни назорат доирасига олиш имконини беради.
Янги тизимда Марказий банкнинг ваколатлари ҳам кенгаяди. У операторларнинг реестрини юритади, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартибларини белгилайди, қарз юкининг энг юқори миқдори бўйича талабларни жорий қилиши, устав капиталига нисбатан минимал талабларни белгилаши мумкин.
Шунингдек, тўлов хизматларини кўрсатиш қоидалари, ахборот хавфсизлиги, пруденциал нормативлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган талаблар устидан назорат ўрнатилади. Белгиланган талабларни бузган ташкилотларга нисбатан таъсир чоралари қўлланиши ҳам назарда тутилмоқда. Муддатли тўлов бозорини тартибга солишни фақат назоратни кучайтириш сифатида баҳолаш тўғри эмас. Аксинча, бу жараён молиявий технологиялар ва чакана савдо бозорининг институционал ривожланишига хизмат қилиши мумкин.
Биринчидан, истеъмолчи учун ахборот шаффофлиги ошади. Иккинчидан, масъулиятсиз қарзланиш хавфи камаяди. Учинчидан, кредит тарихи институтининг қамрови кенгаяди. Тўртинчидан, рақамли идентификация ва верификация хизматлари ривожланади. Бешинчидан, қонуний ва шаффоф ишлаётган компаниялар учун рақобат муҳити яхшиланади. Олтинчидан, муддатли тўлов хизматлари кредит бозори билан уйғунлашиб, молиявий хизматларнинг рақамлашувини тезлаштириши мумкин.
Энг муҳими, бу жараёнда истеъмолчи «харидор»дан «хабардор молиявий қарор қабул қилувчи шахс»га айланиши керак. Асосий вазифа — бозорни қисқартириш эмас, уни цивилизацияли ривожлантириш
Муддатли тўлов хизматларини тартибга солишнинг иқтисодий моҳияти бозорни чеклашда эмас. Аксинча, унинг шаффоф, барқарор ва масъулиятли ривожланиши учун қоидалар яратишдан иборат. 2027 йил 1 январдан жорий этиладиган янги механизмлар орқали давлат, молиявий ташкилотлар, савдо субъектлари ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларнинг аниқ қоидалари шаклланади.
Бунда энг муҳим мезон — фуқаро муддатли тўловга киришаётганда нимани қанчага олаётганини, якунда қанча маблағ тўлашини ва ушбу мажбурият унинг оилавий бюджетига қандай таъсир қилишини олдиндан аниқ билиши. Чунки замонавий молиявий бозорда хизматнинг қулайлиги билан бир қаторда унинг нархи, хавфи ва истеъмолчи учун оқибатлари ҳам очиқ кўрсатилиши шарт. Шундай экан, муддатли тўлов бозоридаги янги қоидаларни оддий маъмурий талаблар эмас, балки аҳолининг молиявий манфаатларини ҳимоя қилиш, масъулиятли қарзланиш маданиятини шакллантириш ва рақамли молиявий хизматларни цивилизацияли ривожлантиришга қаратилган муҳим иқтисодий қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА