Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вакиллари Туркиядаги халқаро медиафорумда иштирок этди
Туркиянинг Баликесир шаҳрида "Маданият йўналишидан рақамли келажакка:маданиятлар, медиа ва сунъий интеллект" мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтди.
Унда Туркиянинг 58 ҳудудидан ҳамда бир қатор хорижий давлатлардан медиатузилмалар раҳбарлари, журналистлар ва экспертлар иштирок этди.

Халқаро мулоқот давомида маданият, медиа ва сунъий интеллектнинг ўзаро уйғунлиги, замонавий журналистикада янги технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов ҳам иштирок этиб, мамлакатимиз медиа соҳасидаги ислоҳотлар, журналистика тараққиёти ва халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Халқаро форумда сунъий интеллект технологияларининг журналистикада қўлланилиши, унинг имкониятлари билан бир қаторда ахборотнинг ишончлилиги, журналистик этика, фактларни текшириш ва миллий-маданий қадриятларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Бугун сунъий интеллект медиа соҳасининг деярли барча йўналишларига кириб бораётган бир шароитда журналистнинг профессионал масъулияти янада ортаётир.

Ахборотни тезкор тайёрлаш ва тарқатиш билан бирга унинг манбасини текшириш, ҳаққонийлигини таъминлаш, инсон қадри ва журналистика этикаси тамойилларига риоя қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Баликесир форумидаги муҳокамалар ҳам ана шу долзарб масалаларга қаратилди.

Мазкур халқаро форум нафақат журналистлар ва олимларнинг профессионал мулоқот майдони, балки Ўзбекистон ва Туркия медиа тузилмалари ўртасида янги ҳамкорлик лойиҳаларига асос бўлувчи муҳим тадбир бўлди.
ЎзА