Мустақиллик йилларида одил судловнинг янги босқичи – сифат ўзгаришларига эришилди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат иқтисодий тараққиёт, балки ижтимоий соҳалардаги ютуқлар, давлат бошқаруви ва одил судлов тизимидаги сифат ўзгаришларига эришилгани билан аҳамиятли.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди судьяси Озода Шамсиддинова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Янги таҳрирдаги Конституциянинг 55-моддасида ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.
Мана шу конституциявий кафолат меҳнат муносабатлари соҳасида, яъни фуқаронинг тирикчилик манбаи бўлган иш жойи ва иш ҳақи ҳимояси масаласида алоҳида аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда "Янги Ўзбекистон – янги суд" тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш алоҳида ўрин тутади. Айнан шу йўналишда энг сўнгги ва амалий аҳамиятга молик қадам – судларда меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш бўлди.

Меҳнат кодексига кўра, меҳнат низоси - иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд шартларни ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар.
Бундай низоларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, тарафлар ҳуқуқий жиҳатдан тенг мавқеда бўлмайди. Одатда, иш берувчи ва ходим ўртасида низо келиб чиққанида, иш берувчи томонидан юридик тайёргарликка эга вакил унинг манфаатларини профессионал даражада ҳимоя қилади. Ходим эса кўпинча ҳуқуқий билимга эга бўлмаган, айни пайтда иш жойини ёки даромад манбаини йўқотиш хавфи остида турган заиф томон сифатида майдонга чиқади. Мана шу номутаносиблик суд томонидан алоҳида тайёргарликка эга, соҳани чуқур биладиган мутахассис судьяларнинг иштирок этишини объектив зарурат даражасига кўтарди.
– Ҳақиқатан, иш берувчи билан ходим ўртасида низолар учраб туради. Меҳнат ҳуқуқлари қисқа муддатларда ва самарали тарзда тикланиши учун қандай чоралар кўрилади?
– Ишдан ноқонуний бўшатиш, иш ҳақини ундириш, меҳнат шартномаси шартларининг бузилиши каби ишлар суд амалиётида доимий равишда учраб турадиган категориялар ҳисобланади.
Иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва меҳнат шартномасида назарда тутилган шартларни қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлар меҳнат низолари деб эътироф этилади.
Бироқ, мазкур тоифадаги ишларни кўриш меҳнат қонунчилиги нормаларини тўғри татбиқ этиш, ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама ва холисона аниқлаш ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ўртасида қонуний мувозанатни таъминлаш зарурати билан боғлиқ бўлгани сабабли алоҳида тайёргарликка эга мутахассисларни талаб этади.
Мутахассислар фикрича, меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолият юритиши бу тоифадаги ишларни тезроқ ва сифатли ҳал этишга ёрдам беради.
Бу нафақат судлар иш юкламасини самарали тақсимлашга, балки иш берувчи ва ходимнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини адолатли ҳимоя қилишга ҳам хизмат қилади.
Энг муҳими, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари қисқа муддатларда ва самарали тарзда тикланиши учун қўшимча имконият яратади.
Бу ислоҳот илдизлари 2023 йил 16 январда қабул қилинган давлатимиз раҳбарининг "Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига бориб тақалади.
Мазкур фармон асосида 2023 - 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди. Унда Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мураккаблигига кўра ихтисослашувни талаб этувчи йўналишлар, жумладан, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантириш назарда тутилган.
Демак, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар бирдан пайдо бўлган қарор эмас, балки уч йиллик изчил стратегиянинг мантиқий якуни ва амалий натижасидир. Бу – ислоҳотларнинг тизимли, режали ва илмий асосланган тарзда амалга оширилаётганидан далолат беради.
– Меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолият бошлагани қандай натижа беради?
– Олий суд раёсати томонидан қабул қилинган қарорга кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича судларда мавжуд штат бирликлари доирасида меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолият бошлади.
Бу борада тизим қуйидагича ташкил этилди: Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 4 нафар ихтисослашган судья, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида 3 нафардан судья, Нукус, Бухоро, Жиззах, Қарши, Кармана, Наманган, Термиз, Фарғона ва Урганч туманлараро судларида 2 нафардан, Самарқанд шаҳар судида 2 нафар, Каттақўрғон туманлараро судида 1 нафар, Оҳангарон туманлараро судида 2 нафар, Ўрта Чирчиқ ва Янгийўл туманлараро судларида 1 нафардан судья, Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур, Учтепа ва Яккасарой туманлараро судларида ҳам 2 нафардан ихтисослашган судья ушбу йўналишда иш олиб бориши йўлга қўйилди.
– Демак, эндиликда судларга тушадиган меҳнат низоларига оид аризалар ихтисослашган судьялар ўртасида тақсимланади. Шундайми?
– Айнан шундай. Бу тасодифий тақсимот ўрнига мутахассислик асосидаги тизимли ёндашувнинг жорий этилганини англатади.
Ихтисослашув тамойили жаҳон амалиётида ўзини узоқ вақтдан бери оқлаб келган ёндашувдир. Судьянинг маълум бир тоифадаги ишлар бўйича доимий равишда иш юритиши унга чуқур билим ва тажриба тўплаш имконини беради. Судья Меҳнат кодекси, тегишли пленум қарорлари ва суд амалиётидаги ўзгаришларни доимий кузатиб боради.
Ишларни кўриб чиқиш муддатлари қисқаради. Бу эса, айниқса, ишдан бўшатилган ва иш ҳақидан маҳрум бўлган фуқаролар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундай вазиятда ҳар бир кун моддий жиҳатдан оғирлик қилади.
Меҳнат низолари бўйича суд амалиётининг бир хиллиги таъминланади, бу эса ўхшаш ҳуқуқий муносабатлар юзасидан қонун нормаларининг изчил ва бир хил қўлланилишига хизмат қилади.
Иш берувчилар учун ҳам ҳуқуқий аниқлик кучаяди – тадбиркорлик субъектлари меҳнат қонунчилигига риоя қилиш борасида суд амалиётини янада яхшироқ башорат қила олади.
Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига қадам қўяётган бир пайтда суд тизимидаги бундай ўзгаришлар рамзий эмас, балки амалий аҳамиятга эга.
Меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар корпусининг шаклланиши – оддий фуқаро учун ишдан ноҳақ бўшатилганда ёки иш ҳақи ушлаб қолинганда ҳуқуқини тезроқ, аниқроқ ва сифатлироқ ҳимоя қилиш имконини берувчи реал воситадир.
"Инсон қадри учун" ғояси доирасида амалга оширилаётган бу қадам — Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг фуқарога хизмат қилиш йўналишида давом этаётган изчил тараққиётининг яна бир далили.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.