Ватандошим – дилдошим
Бадиий адабиёт инсон руҳиятини гўзал ҳис-туйғуларга ошно қилганда ижоднинг қудратини ҳар ким ҳам идрок этавермаслиги мумкин. Аслида мутолаа инсонга бахш этадиган кечинма, гўзаллик, жозибани ҳис қилиб, англаб етишнинг ўзи асарнинг сеҳрли кучини намоён қилади.
Бадиий асар, шеър ўқирман қўлига китоб ҳолида етиб бориши, сарҳад билмас масофада ҳам мухлисини топиши эса ҳар қандай давр нигоҳи билан қараганда, алоҳида воқелик.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан узоқ-яқин хорижда муқим яшаб, ижод қилаётган ватандошларимиз билан адабий алоқалар йил сайин кенгайиб бораётгани ҳам сўзимиз исботидек.

Уюшмада хорижда яшаётган ватандош ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун энг фаол, ўзбек адабиёти тарғиботи йўлида меҳнат қилаётган шоир-ёзувчиларни жамоага фахрий аъзо этиб қабул қилиш анъанаси йўлга қўйилган. Ҳозиргача 30 дан зиёд ватандош ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзосига айланди.
Яқинда “Ватандошлар” жамоат фонди билан ҳамкорликда чоп этилган “Тожикистон ўзбек адабиёти анталогияси”, “Қозоғистон ўзбекларининг номоддий маданий мероси”, Уюшма фахрий аъзолари, тожикистонлик ўзбек шоири Сайфулло Қулаевнинг “Ёркитоб”, Тожикистонлик болалар шоири Султонмурод Ҳожибоевнинг “Яхши бола қандай бўлади?” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу асарлар турли мамлакатларда яшаётган ўзбекларнинг адабий мероси, маънавий қадрияти ва миллий анъаналарини мужассам этгани эътиборли.

Анжуман доирасида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан ўтказилган “Ижодий ишлар танлови совриндорлари ҳам тақдирланди. Танловга хориждаги ижодкор ватандошларимиз томонидан 700 га яқин ижодий иш топширилган. Ҳакамлар ҳайъати шулар орасидан 90 га яқин энг сара намуналарни эътироф этди. Муаллифлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

“Тожикистон ўзбек адабиёти анталогияси” китоби тақдимоти 2026 йил 23 май куни Душанбе шаҳрида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” лойиҳаси доирасида ўтказилиб, тадбирда Уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир Салим Ашур ва бошқалар иштирок этди.

Шунингдек, Уюшма фахрий аъзолар Эрназар Рўзиматовнинг “Туркистон фарзандиман”, Жамшид Примовнинг “Ҳайрат суратлари” шеърий тўпламларини ҳам чоп эттирди.
25-26 июнь кунлари Паркент ижод уйида бўлиб ўтган III Халқаро таржимонлар форумида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда истиқомат қилаётган 16 нафар ижодкор – Уюшма фахрий аъзолари, шунингдек замонавий ўзбек таржимачилиги ривожига муносиб улуш қўшиб келаётган 30 дан зиёд таниқли таржимон, ёшлар иштирок этди.

Форум доирасида “Дунё адиблари ижодида Амир Темур сиймоси” мавзусидаги давра суҳбати, “Ўзбек ва тожик адабиётидан таржима, икки мамлакат адиблари ҳамкорлиги”, “Ўзбек ва қозоқ адиблари ҳамкорлигини ривожлантириш”, “Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг миллатдош адиблари ижодини биргаликда танитиш масалалари” мавзуларида шўъба йиғилишлари ташкил қилинди. Ватандош ижодкорларнинг “Тожикистонда ўзбек тилида чоп этилувчи “Шарқнома” журнали ҳақида”, “Қозоғистонда ўзбек адабиёти шаклланиши”, “Аруз вазнидаги шеърларни таржима қилишнинг ўзига хос томонлари”, “Бобурнома”нинг қирғиз тилига таржима қилиниши” , “Қозоқ шеъриятини ўзбек тилига ўгиришнинг ўзига хос жиҳатлари” каби маърузалари тингланди. Хорижда истиқомат қилаётган ватандош ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш вазифаси белгиланиб, хориждаги ватандошлар ижод намуналаридан чоп қилинган китоблар сонини 20 тага етказиш назарда тутилган.

Уюшма ушбу ташаббусни амалга ошириш мақсадида китоблари нашрга тавсия этилувчи 20 нафар ижодкор ҳақида маълумот тўплади. Шундан сўнг асарлар қайси тилда чоп этилиши ҳамда қайси ҳудудларда тарқатилиши бўйича Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда “Ватандошлар” жамоат фондига ахборот юборилиб, муайян тавсиялар берилди. Айни дам Ёзувчилар уюшмаси тақриз ва таклифлари асосида лойиҳанинг биринчи босқичи сифатида рўйхатдаги ижодкорлардан 5 нафарининг китоби нашрга тайёрланмоқда. Қолган 15 адиб асарлари ҳам белгиланган муддатда чоп этилиши кўзда тутилган.
Абдуғафур Маматов, ЎзА