Ўзбекистон ва Венгрия фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Венгрия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Венгрия экспортни ривожлантириш агентлиги (HEPA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни сезиларли даражада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Венгрия томонидан Элчининг ташқи иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси (атташе) Мартон Ковач ҳамда HEPA ваколатхонаси раҳбари Ваник Янош, Марказ томонидан эса директор Алишер Темиров бошчилигидаги малакали мутахассислар ва экспертлар иштирок этди.
Мулоқот давомида асосий эътибор дори воситалари ва тиббий жиҳозларни сертификатлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига қаратилди. Томонлар сертификатлаш тизимига илғор халқаро амалиётларни фаол жорий этиш, соҳа мутахассислари ўртасида мунтазам тажриба алмашишни йўлга қўйиш ҳамда фармацевтика соҳасидаги институционал шерикликни мустаҳкамлаш юзасидан қизғин фикр алмашди. Айниқса, Европа Иттифоқининг бу борадаги бой ва самарали тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон фармацевтика бозори хавфсизлигини янада юқори даражага кўтаришда муҳим омил бўлиши алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, учрашув кун тартибидан Венгриянинг етакчи ва дунёга машҳур фармацевтика корхоналари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам жой олди. Ички бозоримизни сифатли ҳамда хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, юртимизда соҳага оид истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари алоҳида диққат марказида бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Венгрия Европа Иттифоқи ҳудудида фармацевтика саноати энг юқори даражада ривожланган ва кучли илмий-ишлаб чиқариш салоҳиятига эга давлатлардан бири ҳисобланади. Шу боис, мазкур ҳамкорлик нафақат икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва фармацевтик алоқаларни мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистон аҳолиси учун замонавий, хавфсиз ва юқори сифатли тиббий воситаларнинг кенг турларини тақдим этишга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар кўтарилган барча масалалар бўйича ижобий натижаларга эришиш, фармацевтика соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва истиқболли йўналишлар бўйича амалий шерикликни фаол давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА