Ўзбекистон ва Хитой ёшлар учун янги таълим лойиҳасини ишга туширди
Халқаро инклюзив касб-ҳунар таълими марказида Хитой Таълим вазирлигининг Тил таълими ва ҳамкорлик маркази, Сиан нефть-кимё университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда “Asia Trans Gas” МЧЖ ҚК ўртасида Хитой тили ва касбий кўникмалар марказининг ҳамкорликдаги фаолияти тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида меҳмонлар учун марказ бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Иштирокчилар замонавий ускуналар билан жиҳозланган ўқув хоналари, устахоналар ва ижодий студиялар фаолияти билан танишди. Бугунги кунда ушбу муассасада 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар хорижий тиллар ва ахборот технологияларидан тортиб, ҳунармандчилик, дизайн ҳамда моделлаштиришгача бўлган 30 дан ортиқ йўналиш бўйича бепул таҳсил олишлари мумкин. Марказ ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, истеъдодларини рўёбга чиқариши ва касбий кўникмаларини ривожлантириши учун барча зарур шарт-шароитларни тақдим этади.
Маросимнинг расмий қисми томонлар вакилларининг қутлов сўзлари билан бошланди. Шундан сўнг томонлар ҳужжат нусхаларини алмашиб, “Замонавий ипак йўли” Хитой тили Ўзбекистон устахонаси марказининг мустаҳкам пойдеворини яратдилар.

– Ушбу марказ ўзбекистонлик ёшлар учун хитой тили ва маданиятини ўрганиш ҳамда касбий малакасини ошириш имконини берувчи комплекс платформага айланади, – деди “Asia Trans Gas” МЧЖ ҚК бош директори Лю Чжигуан.
Марказда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун таълимнинг очиқлиги ва қулайлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ўқув хоналари кўриш қобилияти чекланган тингловчиларга таълим бериш учун махсус ускуналар, шу жумладан, Брайл принтери ва клавиатуралари билан жиҳозланган. Бу ёшларга қулай ва инклюзив таълим муҳитида хитой тилини ўрганиш ҳамда янги билимларни ўзлаштириш имконини беради.

Яқин келажакда Марказ хитой тили, маданияти ва касбий кўникмаларни ўргатиш бўйича курсларни йўлга қўйишни режалаштирилган. Унинг фаолияти доирасида хитой тили ва касбий кўникмаларни ўргатишга қаратилган ўқув дастурларини яратиш ҳамда дарс ўтиш учун ресурслар ишлаб чиқилади. Шунингдек, Марказ хитой тилидан дарс бериш ва Хитой таълим муассасаларидаги ўқув дастурларида иштирок этиш учун стипендиялар олишда кўмаклашиб, касб-ҳунарга тайёрлаш курсларини йўлга қўяди.
Марказнинг ҳамкорликдаги фаолияти тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги таълим алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, ҳар икки мамлакат талабалари ва мутахассислари учун янги имкониятлар эшигини очади.
ЎзА