Халқаро илмий ҳамкорлик йўлида
Бугун Тошкент амалий фанлар университетида “Ижтимоий-гуманитар фанларнинг долзарб масалалари ва замонавий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференция юқори савияда ташкил этилди. Бу нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Германия, Буюк Британия, Сингапур, Туркия, Малайзия, Латвия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Конференцияда Ўзбекистон ва хорижнинг таниқли олимлари, профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, халқаро экспертлари ҳамда ёш изланувчилари иштирок этиб, ижтимоий-гуманитар фанлар ривожининг долзарб масалалари юзасидан илмий мулоқот олиб боришди.
Конференциянинг асосий мақсади глобаллашув, рақамли трансформация ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган шароитда ижтимоий-гуманитар фанларнинг замонавий муаммоларини илмий жиҳатдан таҳлил этиш, илғор халқаро тажрибаларни оммалаштириш, фан, таълим ва инновациялар интеграциясини кучайтириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлди.
Анжуман доирасида ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича замонавий илмий тадқиқотлар натижаларини муҳокама қилиш; сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг таълим ҳамда илмий фаолиятдаги ўрнини баҳолаш; тарих, тилшунослик, адабиётшунослик, таржимашунослик ва педагогика соҳаларидаги инновацион ёндашувларни оммалаштириш; маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш;
ёш тадқиқотчиларни халқаро илмий маконга интеграциялаш; қўшма илмий лойиҳалар ва академик алмашинув дастурларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференциянинг очилиш маросимида Тошкент амалий фанлар университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Абдусалом Умаров университетнинг халқаро майдондаги ютуқлари ва истиқболли ривожланиш йўналишлари ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Тошкент амалий фанлар университети дунёнинг ТОП–1000 талик рейтингларида муносиб ўрин эгаллаган 10 га яқин нуфузли университетлар билан қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва академик алмашинув лойиҳаларини амалга оширмоқда. Шунингдек, университет томонидан 30 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан меморандумлар имзоланган.
Бундан ташқари, мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасалари, илмий марказлар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан 10 дан ортиқ стратегик ҳамкорлик шартномалари тузилган. Улар асосида олиб борилаётган фаолият таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тошкент амалий фанлар университетнинг илмий салоҳияти ва академик фаолияти халқаро ҳамда миллий рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, “Uzbekistani National H-index Ranking – 2026” натижаларига кўра, университет Миллий Ҳ-индекс бўйича 24 кўрсаткич билан 28-, “Scopus” базасидаги Ҳ-индекс бўйича 29 кўрсаткич билан 22-, “Web of Science” базасидаги Ҳ-индекс 27 кўрсаткич билан 17-, “Google Scholar” базасидаги Ҳ-индекс бўйича 29 кўрсаткич билан 44-ўринни эгаллаб турибди. Бу кўрсаткичлар университет олимларининг халқаро илмий базалардаги фаоллиги, илмий мақолаларга берилаётган иқтибослар сони ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатади.
Конференциянинг ялпи мажлиси ва 6 шўъба йиғилишларида сунъий интеллектнинг ижтимоий фанлардаги ўрни, рақамли таълим, замонавий педагогик технологиялар, лингвистика, таржимашунослик, тарихшунослик, маданий мерос, халқаро академик ҳамкорлик ва илмий инновациялар бўйича 100 дан ортиқ маъруза тингланиб, муҳокама қилинди.
Конференция якунлари бўйича халқаро илмий ҳамкорликнинг янги йўналишлари шакллантирилади. Қўшма илмий лойиҳалар ва грант дастурларини амалга ошириш бўйича келишувлар кенгайтириладию Илмий мақолалар ва конференция материаллари халқаро илмий базаларда эълон қилинади. Сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ижтимоий-гуманитар фанларга интеграция қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун халқаро илмий тармоқ ва академик ҳамкорлик имкониятлари кенгаяди. Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро илмий макондаги рақобатбардошлиги янада мустаҳкамланади.
Ушбу халқаро конференция илм-фан, таълим ва инновациялар интеграциясини кучайтириш, халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини глобал майдонда намоён этишга хизмат қилувчи муҳим илмий платформа сифатида эътироф этилди.
Темур Мўминов,
Тошкент амалий фанлар уинверситети
Тарих ва филология факультети доценти.