Erasmus+ иштирокчилари Тошкентда янги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди
Тошкентда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамда Erasmus+ Миллий офиси (NEO) ҳамкорлигида нетворкинг ташкил этилди.
Унда Erasmus Mundus стипендиатлари ва битирувчилари, Erasmus+ дастури иштирокчилари, олий таълим муассасалари, давлат органлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад иштирокчилар ўртасида тажриба алмашиш, профессионал ва академик алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида иштирокчилар халқаро таълим дастурлари доирасидаги имкониятлар, илмий ҳамкорлик ва талабалар алмашинуви масалалари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Erasmus Mundus дастурига янги қабул қилинган талабалар расман қарши олинди.
Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар сўзга чиқиб, Erasmus+ дастурининг таълим, академик мобиллик ва инсонлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш орқали Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлади.
Тадбир якунида иштирокчилар Erasmus+ дастури доирасидаги келгуси имкониятлар, халқаро академик ҳамкорлик ва талабалар алмашинувининг истиқболлари ҳақида мулоҳаза юритди. Шу билан бирга Ўзбекистонда Erasmus+ ҳамжамиятини янада ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА