Ўзбекистон ва “Better Cotton”: Ҳамкорлик ривожланаётгани миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги нуфузини оширмоқда
“Better Cotton” – пахта етиштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича дунёдаги энг йирик тузилма ҳисобланади. Дунё бўйлаб 2,5 мингдан ортиқ аъзоларни, жумладан IKEA, H&M , Inditex, GAP, Nike, Adidas, LeviStrauss & Co каби 300 дан зиёд глобал брендларни бирлаштиради.
Бундай нуфузли ташкилот билан ҳамкорлик ўзбек пахтасини жаҳоннинг етакчи брендлари ва тўқимачилик компанияларига етказиб бериш имкониятларини кенгайтириб, халқаро инвесторлар ва харидорлар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигини оширади.
“Better Cotton”нинг Ўзбекистонда миллий офиси очилгани мамлакатимиз пахта-тўқимачилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро ҳамжамият томонидан берилган юксак баҳо сифатида қаралмоқда. Бу Ўзбекистоннинг глобал пахта таъминот занжирларидаги ўрнини мустаҳкамламоқда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорлар эшигини очмоқда.
Женева шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва “Better Cotton” халқаро ташкилотининг Бош директори Ник Уэзерилл учрашувида шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистонда барқарор пахта етиштириш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш, пахта-тўқимачилик саноатида қўшимча қиймат занжирларини ривожлантириш ҳамда соҳанинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Ник Уэзерилл Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида пахта-тўқимачилик тармоғини модернизация қилиш, соҳада замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда барқарор ривожланиш тамойилларини изчил татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашувда мамлакатимизда тадбиркорлик ва инвестиция фаолияти учун яратилган қулай муҳит, ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари, халқаро сертификатлаштириш жараёнларини рағбатлантириш механизмлари, шунингдек, солиқ ва божхона соҳасидаги имтиёзлар “Better Cotton” дастурини Ўзбекистонда янада кенгайтириш ва унинг қамровини ошириш учун мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистоннинг жаҳон пахта бозоридаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатда экологик ва ижтимоий масъулият тамойилларига асосланган пахта етиштириш амалиёти кенгайиб бораётганини қайд этди. Бу эса миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
“Better Cotton” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ҳиндистон ва Покистондан кейин очилган учинчи миллий офис ҳисобланади. Бу нафақат мамлакатимиз пахта-тўқимачилик соҳасининг юқори салоҳияти, балки Ўзбекистоннинг пахта ишлаб чиқариш бўйича халқаро ҳамкорликда муҳим ва барқарор ўрин эгаллаётганининг ёрқин тасдиғидир.
Учрашув якунида қўшма лойиҳалар, жумладан, шартномавий муносабатларни фермерлар иштирокида амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, мамлакатнинг пахта ва тўқимачилик корхоналарига танишув ташрифларини ташкил этиш орқали халқаро брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА