Интенсив боғдорчилик экспорт ва даромадни оширишга хизмат қилади
Янги фармон
Ўзбекистонда мевачилик тармоғини замонавий босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада янги ислоҳотлар учун ҳуқуқий асос яратди.
Ҳужжатнинг асосий мақсади 2026-2028 йиллар давомида мамлакат бўйлаб 172 минг гектар саноатлашган интенсив боғлар ташкил этишдан иборат. Бу нафақат қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, янги иш ўринлари яратиш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда республикада кўплаб мевали боғлар қариб, ҳосилдорлиги пасайган. Айрим майдонларда дарахтлар иқтисодий жиҳатдан самара бермай қўйган бўлса-да, улар расман боғ сифатида сақланиб келинмоқда. Бу эса ер ва сув ресурсларининг самарасиз сарфланишига сабаб бўлмоқда.
Янги фармон айнан шу муаммони ҳал қилишга қаратилган. Энди эскирган боғларни яроқсиз деб топиш ва уларни қайта ташкил этиш бўйича ваколатлар Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳам берилади.
Бу ҳужжат соҳада қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириши ва иқтисодий самара бермайдиган майдонларни қайта тиклаш имконини ошириши мумкин.
Фармонда нафақат имтиёзлар, балки аниқ талаблар ҳам белгиланган. Жумладан, агар эски боғни янгилаш ёки унинг ўрнида янги интенсив боғ ташкил этиш бўйича хулоса берилганидан кейин 12 ой давомида янги боғ барпо этилмаса, ер солиғи ва сув солиғи уч баравар оширилади. 24 ой давомида ҳам боғ ташкил қилинмаса, ушбу майдон учун сув олишга чеклов қўйилади. Бу механизм ерларни фақат расман эгаллаб туриш амалиётига барҳам беришга хизмат қилиши мумкин. Зеро, давлат ердан самарали фойдаланишни талаб қилмоқда.
Интенсив боғ – бу замонавий технологиялар асосида ташкил этиладиган, юқори ҳосилдор навлар экиладиган ва сув тежовчи тизимлар билан жиҳозланадиган боғ ҳисобланади.
Оддий боғларда дарахтлар кенг масофада экилади ва ҳосилга кириши учун бир неча йил талаб қилинади. Интенсив боғларда эса кўпроқ кўчат экилади, ҳосилга эртароқ кирилади. Ҳар гектардан олинадиган ҳосил ҳажми юқори бўлиб, сув ва меҳнат сарфи камаяди. Экспорт учун сифатли маҳсулот етиштириш имконияти ортиши ҳам аҳамиятли.
Шу нуқтаи назардан қараганда, фармон мамлакат мевачилигини экстенсив эмас, балки интенсив ривожлантиришни мақсад қилган.
Ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири молиявий қўллаб-қувватлаш чораларидир. 2026 йил 1 июлдан бошлаб интенсив боғ ташкил этувчи тадбиркорларга тижорат банклари орқали 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада, ҳар гектар учун 120 миллион сўмгача кредит ажратилади.
Бу маблағлар кўчат харид қилиш, томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш, техникалар сотиб олиш ва бошқа харажатларни қоплаш имконини беради.
Мутахассислар фикрича, интенсив боғларни ташкил этиш катта бошланғич сармоя талаб қилади. Шунинг учун имтиёзли кредитлар соҳанинг жадал ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
Фармонда юқори сифатли кўчатлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, хориждан “in-vitro” усулида етиштирилган ва сертификатланган кўчатларни импорт қилиш учун тадбиркорларга махсус кредитлар ажратилади. Бу орқали юқори ҳосилдор ва касалликларга чидамли навларни мамлакатга олиб кириш рағбатлантирилади.
Қайд этиш керак, кейинги йилларда мева-сабзавот маҳсулотлари Ўзбекистон экспортининг муҳим қисмини ташкил этмоқда. Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бир пайтда маҳсулот сифати ва ҳосилдорлик асосий омилга айланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, янги фармон интенсив боғлар майдонини кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириб, фермерлар даромадини кўпайтиришга эришилади. Шунингдек, янги иш ўринлари яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш каби вазифаларни ҳал этишга хизмат қилиши мумкин.
Агар ҳужжатда белгиланган вазифалар тўлиқ амалга оширилса, келгуси йилларда Ўзбекистонда замонавий интенсив боғлар майдони сезиларли даражада кенгаяди. Маҳсулот ҳажми ва сифати ошиши ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳияти янада мустаҳкамланиши мумкин.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА мухбири