Кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 19,7 фоизни ташкил этди
Марказий банкнинг маълум қилишича, 2026 йил апрель ойи якунларига кўра мамлакат банк тизимида ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари деярли барқарор сақланиб қолди.
Маълумотларга кўра, миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси 19,7 фоизни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўзгаришсиз қолган. Шу билан бирга, тижорат кредитлари бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси 22,0 фоиз даражасида шаклланиб, йиллик ҳисобда 0,6 фоиз бандга пасайган.
Жисмоний шахслар учун миллий валютадаги реал фоиз ставкаси 8,8 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахслар учун мазкур кўрсаткич 8,2 фоиз даражасида қайд этилди.
Хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси эса 10,2 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 фоиз бандга ошган.
Қайд этилишича, кредит фоиз ставкаларининг барқарор сақланиши иқтисодиётда молиявий ресурслар бозорининг мувозанатли ривожланаётганидан далолат беради. Бунда тижорат кредитлари бўйича ставкаларнинг пасайиши тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.
Ш.Маматуропова, ЎзА