Ўзбекистон ва Беларусь: амалий ҳамкорлик изчил давом эттирилади
Олий Мажлис Сенатига Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников ташриф буюрди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев билан учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги икки томонлама муносабатлар – парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзаро ташрифлар ва қўшма тадбирларни давом эттириш, шунингдек, халқаро парламент майдонларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни кенгайтириш ҳамда икки ва кўп томонлама форматлардаги амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА