Президентимиз ёшлар билан учрашиб, янги ташаббусларни илгари сурди
Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ёшлар билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида юртимиздаги барча йигит-қизларни байрам билан самимий табриклади.

– Биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқаришни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олганмиз, – деди Президентимиз.

Сўнгги йилларда бу борада мутлақо янги тизим яратилди. Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилди, йигит-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлиги, таълими, касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорлик бошлаши учун кенг имкониятлар очилди. Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” этиб белгиланиб, вазирлик ва идоралар ёшлар муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топишга сафарбар этилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида “Ёшлар дафтари” орқали 1,5 миллион нафар ёшнинг муаммоси ҳал қилинди. Ёш тадбиркорлар сони 5 карра кўпайиб, 287 мингдан ошди. Хорижий тилларни интенсив ўрганаётган йигит-қизлар сони 3,5 миллион нафарга етди. Иқтидорли ўқувчи ва талабалар нуфузли фан олимпиадаларида 434 та, ёш спортчилар халқаро мусобақаларда 2 минг 245 та медални қўлга киритди.
Давлатимиз раҳбари бугунги глобал рақобат шароитида мамлакатларнинг устунлиги, аввало, билим, технология ва инсон капитали билан белгиланаётганига эътибор қаратди.

– Билинглар, энди давлатлар ҳудуди билан эмас, билими билан, аҳоли сони билан эмас, технологияси билан, табиий бойликлари билан эмас, инсон капитали билан рақобатга киришмоқда. Билим, илм-фан ва тафаккур маҳсули бўлган янги “Билимлар иқтисодиёти” ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ёшларни буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга даъват этди.

Учрашувда Президентимиз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги иштирокига ҳам тўхталди. Футболчиларимиз кучли рақиблар билан ўйинлар орқали катта тажриба орттиргани, Аббос Файзуллаев ва Элдор Шомуродовнинг жаҳон чемпионатидаги илк голлари халқимизга қувонч бағишлагани таъкидланди.
– Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган терма жамоамиз аъзоларига ортиқча ҳис-туйғу билан эътироз билдириш, улардан айб қидириш халқимизга хос иш эмас. Аксинча, бугун уларни қўллаб-қувватлаш, руҳини кўтариш ҳар қачонгидан ҳам муҳим, – деди Президентимиз.

Катта ғалабалар ҳали олдинда экани, бунинг учун болалар футболига эътибор кучайтирилиб, футбол умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши, келаси йил январь ойида Саудия Арабистонида ўтадиган Осиё кубогига тайёргарлик ҳозирдан бошланиши қайд этилди.
Президентимиз ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши учун билим, касб ва технологияни энг муҳим таянч сифатида кўрсатди.

Шу мақсадда ҳар йили 500 минг нафар ўғил-қизни замонавий касбга ўқитишга қаратилган “Келажак билимлари экотизими” йўлга қўйилади. Ўқув марказлари ташкил этиш истагидаги ёшларга ер ва давлат объектлари имтиёзли шартларда берилади, зарур инфратузилма давлат ҳисобидан яратилади, марказларни қуриш ва жиҳозлаш учун кредит ставкаси компенсация қилинади.
Қўлида касби бор, лекин янги кўникмаларни эгалламоқчи бўлган ёшлар учун “касб ваучери” жорий этилади. Ҳар йили 50 минг нафар ёшнинг замонавий касбларни ўрганиш харажатлари фоизсиз ссуда ҳисобидан қопланади. Эҳтиёжманд оилалардаги 85 минг нафар ишсиз ёшга хусусий ўқув марказларида касб эгаллаши учун бепул ваучер берилади. Шу йилнинг ўзида бу тизим учун 120 миллиард сўм ажратилади.

Техникумларда хусусий сектор иштироки кенгайтирилиб, лицензия талаблари соддалаштирилади. Янги ўқув йилидан хусусий техникумларга ҳам касбга ўқитиш бўйича давлат гранти ажратилади. Халқаро касб танловлари ғолиблари ва уларнинг устозлари пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
Хорижий тилларни мукаммал биладиган 650 мингдан зиёд ёшлар салоҳиятидан мамлакатимизнинг бой тарихи, маданий мероси, туризм ва экспорт имкониятларини халқаро майдонда тарғиб қилишда фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда “рақамли контент” платформаси ишга туширилиб, ҳар йили 20 миллиард сўмдан ажратилади.

Хорижда таълим олаётган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳам янги тизим яратилади. Етакчи хорижий олийгоҳларда ўқиётган 14 мингдан ортиқ йигит-қиз таътил даврида юртимиздаги вазирлик, ҳокимлик, давлат ва хусусий компанияларда амалиёт ва стажировка ўташи учун рақамли мулоқот платформаси ишга туширилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ёшларни хусусий сектор буюртмаси асосида ҳам нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқитиш имконияти яратилади.
Президентимиз олийгоҳ битирувчисини ишга олган тадбиркорлар учун ёш мутахассисга нисбатан даромад ва ижтимоий солиқ бир йил давомида 1 фоиз этиб белгиланишини эълон қилди. Бу 200 мингга яқин битирувчини ишга жойлаштириш учун муҳим рағбат бўлади.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ҳарбий хизмат, миграция ва жазони ўтаб қайтган, жисмоний имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун “Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий этилади. “Устоз – талаба” дастури асосида уюшмаган ёшларга кўмаклашган талабалар ҳам рағбатлантирилади.
Шунингдек, “Ёшлар мини-франшизаси” дастури ишга туширилади. Маҳаллий брендлар франшизасини оладиган йигит-қизларга Ёшлар тадбиркорлиги жамғармасидан 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Бу дастурлар учун 500 миллиард сўм йўналтирилади.
Ёшлар учун касб ва тил ўрганиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик бўйича хизматлардан “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланиш имконини берадиган Ёшлар хаблари ташкил этилади. Ушбу тажриба Сурхондарёдан бошланиб, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.
Давлат бошқарувида ёшларга ишончни кучайтириш мақсадида 5 та йўналишда “TOП-100” дастури амалга оширилади. Ғолиблар мукофотланиб, раҳбарлик лавозимларига тавсия этилади. Ҳар бир вазирлик ва тармоқ ўз йўналишида иқтидорли ёшларни танлаб, халқаро ташкилотларга стажировкага юборади. Йилига 2 минг нафар ёшни шундай стажировкаларга юбориш режаси ишлаб чиқилади.
Ёшларни рағбатлантириш ва ягона мақсад атрофида бирлаштириш учун “Ўзбекистон ёшлар лигаси” платформаси ишга туширилади. Унда ёшларнинг таълим, касб, тадбиркорлик, илм-фан ва жамоатчилик фаолиятидаги натижалари баҳоланади. Юқори натижага эришганларга грант, контрактга чегирма, касб ваучери, имтиёзли кредит, хорижий стажировка, кадрлар захирасига кириш ва ипотека бўйича имкониятлар берилади.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда Банк-молия академияси “ақл маркази” сифатида белгиланади. Академия тингловчилари ҳудудларда тайёр бизнес лойиҳаларни шакллантиради, Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси эса уларни қулай шартларда ёшларга таклиф қилади. Жамғарма юқори даромад ва кўплаб иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга 5 миллиард сўмгача инвестиция киритади. Бу тизим камида 300 минг нафар ёшга ўз бизнесини бошлаш учун йўл очади.
Инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам янги вазифалар белгиланди.
– Биз 2030 йилгача иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишни режа қилганмиз. Бунга эришиш учун барча соҳаларга янги ғоя олиб кирадиган инновацион стартаплар керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Сўнгги тўққиз йилда маҳаллий стартап экотизими 15 баробар ўсиб, 4 миллиард доллардан ошгани, 1 минг 200 дан зиёд истиқболли стартап лойиҳалар пайдо бўлгани қайд этилди. Энди ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳоким “1 мингта масалага – ёшлардан 1 мингта ечим” лойиҳасини ишга туширади. Ёшлар ишлари агентлиги бизнес, ахборот технологиялари ва креатив иқтисодиёт йўналишидаги 100 та энг яхши лойиҳага 1 миллиард сўмгача инвестиция киритади.
Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасида ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратилади. “Рақамли ҳукумат” марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди, келгуси йил унинг қуввати 3 карра оширилади. Жорий йилда 20 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади. Ёшлар ушбу имкониятлардан бепул фойдаланиб, ҳудуд ва тармоқлардаги муаммоларга ечимлар ишлаб чиқади.
Янги АТ парклар барпо этилиши ҳисобидан 20 мингдан зиёд йигит-қиз учун юқори даромадли иш ўринлари яратилади. “Менинг биринчи компьютерим” дастури орқали эҳтиёжманд оилалардаги 10 минг нафар ёшга ноутбук хариди учун ёрдам кўрсатилади.
АТ ва сунъий интеллект йўналишларида таҳсил олаётган талабалар учун “дуал таълим” кенгайтирилади. “Муҳаммад ал-Хоразмий” номидаги давлат стипендияси ҳамда иқтидорли қизлар учун “Муҳандис қизлар” стипендияси таъсис этилади. Халқаро олимпиадалар ғолибларига берилаётган 1 миллиард сўмлик рағбат сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиада ғолибларига ҳам татбиқ қилинади.
Ёшлар қалбида миллий руҳни мустаҳкамлаш, рақамли маконда миллий контентни кўпайтириш мақсадида АТ паркларда компьютер ва мобил ўйинлар яратувчилари учун инкубацион марказлар очилади. Ҳар йили миллий руҳдаги камида 20 та компьютер ва мобил ўйин яратиш бўйича давлат буюртмаси берилади.
– Биз ёшларга яратиб бераётган имкониятлардан ҳеч бир ўғил-қизимиз четда қолмаслиги керак, – деди Президентимиз.
Шу мақсадда “Ватан меҳри – ижтимоий ташаббуслар” танлови, ижтимоий хавф гуруҳидаги болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Қанот” лойиҳаси йўлга қўйилади. “Ёшлар ташаббуслари марафони”да илгари сурилган ғояларни амалий лойиҳага айлантириш учун “Ташаббуслар офиси” ташкил этилади ва бу ишларга 50 миллиард сўм ажратилади.
Учрашувда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар ёшлар келажаги ва миллат генофондига катта таҳдид солаётгани ҳам қайд этилди.
– Бу иллатнинг ёшларимиз орасида илдиз отишига асло йўл қўймаймиз, уни таг-томири билан қуритмагунча тўхтамаймиз. Гиёҳвандлик инсоннинг энг қимматли бойлиги – соғлиғи, ақл-иродаси, орзу-мақсадларидан айиради. Унутманг! Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Бундай иллатларга нисбатан муросасиз бўлинг, умрнинг ҳар бир дақиқасини эзгу ишларга сарфланг! – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз ота-оналарга ҳам мурожаат қилиб, фарзанднинг камол топиши, унинг ёрқин келажаги учун мустаҳкам пойдевор, энг аввало, оилада яратилишини таъкидлади. Ота-оналарни бугунги тез ўзгариб бораётган мураккаб шароитда фарзанд тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам эътиборли ва масъулиятли бўлишга чақирди.
Учрашувда ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Улар ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Давлатимиз раҳбари мулоқот якунида йигит-қизларни катта марралар сари дадил интилишга, билим, касб ва замонавий технологияларни пухта эгаллашга даъват этди.
– Мен сизлардаги шижоат, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, доим руҳланаман. Катта-катта марралар сари олға қадам ташланг, ўқинг, янги билим, янги касб ва замонавий технологияларни эгалланг, қийинчиликдан чўчиманг, меҳнатдан қочманг! Шуни билингки, ортингизда сизларни катта умидлар билан вояга етказган ота-онангиз бор, сизларга билим ва тарбия берган, касб ўргатган устоз ва мураббийларингиз бор, сизларга ҳамиша таянч ва суянч бўладиган, ишонадиган ва доим қўллаб-қувватлайдиган Президентингиз бор! – деди Президент Шавкат Мирзиёев.