Ёшлар ишлари агентлигига “Ташаббуслар офиси”ни ташкил қилиш вазифаси топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказмоқда.
— Биз ёшларга яратиб бераётган имкониятлардан ҳеч бир ўғил-қизимиз четда қолмаслиги керак, – деди Президентимиз.
Ёшлар ишлари агентлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бу йил “Ватан меҳри – ижтимоий ташаббуслар” танловини ўтказиб, аҳоли муаммолари бўйича энг яхши ечим берган волонтёрлар ва 50 та ижтимоий лойиҳа муаллифини тақдирлаш топширилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ижтимоий хавф гуруҳидаги болаларни қўллаб-қувватлаш учун “Қанот” лойиҳасини ишга туширади.
Ушбу лойиҳа бундай ёшларни ижтимоий хизматлар, таълим, спорт, мусиқа ва санъатга йўналтириб, қайта ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Июнь ойида ўтказилган “Ёшлар ташаббуслари марафони”да йигит-қизлар томонидан илм-фан, маданият, бизнес, стартап, сунъий интеллект йўналишларида минглаб лойиҳа таклифлари илгари сурилди.
Ёшлар ишлари агентлигига “Ташаббуслар офиси”ни ташкил қилиб, ҳар бир ғояни лойиҳага, маҳсулотга ва хизматга айлантириш бўйича ишларни бошлаш топширилди. Бунинг учун 50 миллиард сўм ажратилади.
ЎзА