Қорақалпоғистонга Хитойдан 50 минг бош наслли қорамол олиб келинади
Оролбўйи ҳудудида чорвачиликни ривожлантириш борасида белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Нурмуҳаммадов бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Хитой давлатига ташриф буюрди.
Президентимизнинг 2026 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган ташриф доирасида Хитойнинг “Hualing Yecheng Agriculture and Animal Husbandry Development Co., Ltd.” ва “Ўрта қала чорва моллари” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Келишувга кўра, уч йил давомида Қорақалпоғистонга 50 минг бош наслли қорамол олиб келиниши белгиланган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 200 бош наслли қорамол олиб келиниб, уларни парваришлаш ва кўпайтириш ишлари йўлга қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа чорвачиликнинг наслчилик базасини мустаҳкамлаш, юқори маҳсулдор қорамоллар сонини кўпайтириш, гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, соҳада замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Бу каби халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳудудларда чорвачиликни барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири