Жорий йилнинг 6 февралида якунланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ривожида муҳим босқич бўлди. Ташриф ҳамкорликка қўшимча туртки берди ва жадал ривожланиб бораётган сиёсий мулоқотни янги амалий мазмун билан бойитди.
Исломободдаги музокаралар мулоқотнинг даврий учрашувлар форматидан тизимли ўзаро ҳамкорлик механизмига айланишини намойиш этди. Бу контекстда муҳим воқеа сифатида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилиши бўлиб, ушбу форматни икки томонлама муносабатлар архитектурасининг «таянч конструкцияси»га айлантирди.
Мазкур платформанинг ишга туширилиши аниқ натижаларга эришишга қаратилган тизимли ишларнинг бошланишини англатди. Буни узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган «йўл хариталари», Қўшма декларацияда ва давлатлараро ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган қарийб 30 та ҳужжатдан иборат салмоқли пакет қабул қилингани тасдиқлайди.

Сиёсий маслаҳатлашув механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди: томонлар Тошкентда ташқи сиёсат идораларининг Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олдилар, шунингдек халқаро майдонда ўзаро қўллаб-қувватлашни тасдиқладилар. Хусусан, Исломободнинг Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаги алоҳида таъкидланди ва Покистоннинг 2025–2026 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси сифатидаги конструктив роли қайд этилди.
Айниқса ёрқин воқеа сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга олий давлат мукофоти – «Нишон-е-Покистон» орденини тантанали топшириш маросими бўлди. Ушбу мукофотнинг Президент Осиф Али Зардарий томонидан топширилиши етакчилар ўртасидаги шахсий ишончнинг юқори даражасини яққол тасдиқлади ҳамда Ўзбекистон Раҳбарининг икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашдаги тарихий хизматларининг эътирофи бўлди.
Саммитнинг яна бир муҳим таркибий қисми хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Ўзбекистон раҳбари Покистон қуруқлик қўшинлари қўмондони фельдмаршал Осим Мунир билан алоҳида учрашув ўтказди, эришилган келишувлар эса мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган «йўл харитаси»да мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлик ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган келишувлар пакети ҳисобига сезиларли даражада кенгайтирилади. Ташриф давомида коррупцияга қарши курашиш, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши кураш ва ҳукм қилинган шахсларни ўзаро топшириш тўғрисидаги икки томонлама шартномаларга эришилди, бу эса трансчегаравий таҳдидларга қарши курашда ишонч ва мувофиқлаштиришнинг юқори даражасидан далолат беради.
Хавфсизлик соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, музокараларда иқтисодий ҳамкорлик асосий ўринни эгаллади. Бу йўналишда қўшма ишлар учун мустаҳкам пойдевор аввал бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг 10-сессияси давомида яратилди. Унда товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича янги механизмлар, жумладан фитосанитария протоколларини келишишни жадаллаштириш ва меҳнат муносабатлари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш ишлаб чиқилди.
Яна бир муҳим воқеа сифатида икки давлат раҳбарлари ҳамда 300 дан ортиқ етакчи корхона, компания ва ишбилармонлик тузилмалари вакиллари иштирок этган қўшма бизнес-форум бўлди. Тадбир якунида илк бор эришилган келишувлар тўғрисидаги Протокол имзоланди, унда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари белгиланди ва вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларининг шахсий масъулияти ўрнатилди.
Мазкур ташаббусларни олий даражада мустаҳкамлаб, икки мамлакат етакчилари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати ва геологиядан тортиб рақамли технологиялар, логистика ва фармацевтикагача бўлган иқтисодиётнинг асосий тармоқларини қамраб олган салмоқли ҳужжатлар пакетини қабул қилдилар. Шу билан бирга радиация ва ядровий хавфсизлик, экология, фавқулодда вазиятларни бошқариш соҳаларида муҳим келишувлар қабул қилинди.
Стратегик шерикликни кенгайтириш бўйича танланган йўналишнинг самарадорлиги аниқ кўрсаткичлар билан тасдиқланмоқда: сўнгги 8 йил ичида ўзаро савдо ҳажми 15 баравар ошиб, ўтган йил якунларига кўра қарийб 500 миллион долларга етди. Ижобий динамиканинг барқарорлигини таъминлаш ва товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсадида амалдаги преференциял савдо тўғрисидаги битим доирасида товар номенклатурасини бир неча баравар кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбек-покистон муносабатларининг яна бир муҳим «драйвери» инвестициявий ҳамкорликдир. Хусусан, сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистонда покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони 6,5 баравар ошиб, қарийб 230 тага етди. Ушбу динамикани қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган ташриф давомида 3,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилди, шунингдек Ўзбек-Покистон Ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича келишувга эришилди ва кичик ҳамда ўрта бизнесни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Шу билан бирга, Ўзбек-Покистон шериклигининг институционал базаси Самарқанд ва Исломобод, Термиз ва Пешовар маъмуриятлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар билан мустаҳкамланди. Бундан ташқари, икки мамлакат вилоятлари ва провинциялари ўртасидаги мулоқотни йўлга қўйишнинг биринчи қадами сифатида жорий йилнинг ўзида Хива шаҳрида Минтақалараро форум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ҳамкорликнинг яна бир стратегик устувор йўналиши транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашдир. Хусусан, порт хизматлари соҳасида битим имзоланди, бу эса «Термиз – Найбобод – Логар – Харлачи» темир йўли лойиҳасини амалга оширишга муҳим қўшимча бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йўлакни ривожлантириш юкларни етказиб бериш муддатини 3–5 кунгача қисқартириб, уларнинг қийматини 40 фоизга камайтиради ҳамда Марказий Осиёни Карачи ва Гвадар портлари билан интеграциялашга хизмат қилади.
Шу билан бирга «Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» янги транспорт коридорини яратиш ва ушбу йўналиш бўйича синов ташувларини жорий йил февраль ойидаёқ бошлаш тўғрисида келишувга эришилди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу логистика харажатларини сезиларли даражада камайтириш, таъминот барқарорлигини ошириш ва ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилишга хизмат қилади.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам янги босқичга чиқди. Бунга Бобур номидаги боғнинг барпо этилиши ва Исломободдаги кўчалардан бирига «Тошкент» номи берилиши, Лаҳорда қўшма маданият марказининг ташкил этилиши, шунингдек Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафталиги ва ўзбек киноси кунларининг ўтказилиши ёрқин далил бўлди. Бунга муҳим қўшимча сифатида академик алоқалар кенгайтирилди: Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Пешовар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим қабул қилинди.
Стратегик ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича яна бир муҳим қадам сифатида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Исломобод минтақавий тадқиқотлар институти ўртасида Ўзбек-Покистон экспертлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Янги формат стратегик шерикликни аналитик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва қўшма ташаббусларни мувофиқлаштириш учун доимий платформага айланди.
Умуман олганда, ташриф якунлари Ўзбек-Покистон ҳамкорлигига минтақалараро интеграциянинг ўзига хос «локомотиви» сифатидаги ролини мустаҳкамлади. Етакчиларнинг қатъий сиёсий иродаси, кенг кўламли иқтисодий лойиҳалар ва чуқурлашиб бораётган маданий-гуманитар мулоқот уйғунлиги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида барқарор ривожланиш ва ўзаро боғлиқликни тиклаш учун тарихий имкониятни тақдим этади.
Кайрат Аҳмедов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
(СМТИ) етакчи илмий ходими