Қуёш панелидаги муаммо бартараф этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида яшовчи фуқаро “M.S.E” шартнома асосида корхонасидан қуввати 3 киловатт баҳоси 15 миллион сўм бўлган қуёш панелини сотиб олган.
Орадан бироз вақт ўтиб қуёш панелида носозлик келиб чиққан. Ҳолат бўйича истеъмолчи телефон орқали корхона билан боғланиб, яроқлилик муддати давомида қуёш панелини таъмирлаб беришини сўраган. Бироқ, корхона мутахассислари турли баҳоналар билан таъмирлаш ишларини кейинга суриб келган. Сўнг истеъмолчи Мўйноқ тумани истеъмолчилар жамиятлари федерациясига амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат этган.
Мазкур мурожаат бўйича соҳа мутахассислари қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида ўрганиш ишларини олиб борди. Ўтказилган тушунтириш ишлари натижасида қисқа муддат ичида истеъмолчининг қуёш панели тузатиб берилишига эришилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.