Илм, таълим ва инновация тараққиётининг янги босқичи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 16 февраль куни ўтказилган олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳани тубдан ислоҳ қилиш, уни меҳнат бозори талабларига мослаштириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган эди.
Йиғилишда соҳани чуқур ислоҳ қилишга қаратилган тўртта асосий устувор вазифа белгилаб олинганди. Жумладан, олий таълим муассасалари бошқарувини такомиллаштириш, ўқув жараёнини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, илмий салоҳиятни юксалтириш ҳамда рақамлаштириш орқали ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш каби йўналишлар устувор аҳамият касб этмоқда. Бу эса “фан – таълим – ишлаб чиқариш” занжирини мустаҳкамлаб, инновацион тараққиётнинг янги босқичини бошлаб беради.


Мазкур вазифалар ижроси доирасида Гулистон давлат университетида ҳам тизимли ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, илмий тадқиқотларни амалиёт билан узвий боғлаш, тармоқ корхоналари билан ҳамкорликни кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчиларни инновацион фаолиятга фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.

– Белгиланган устувор вазифалар олий таълим тизими фаолиятига мутлақо янги ёндашувларни жорий этишни тақозо этмоқда. Айниқса, илмий натижаларни амалиётга татбиқ этиш ва уларни тижоратлаштириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда университетимизда фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, ёш олимларни инновацион лойиҳаларга кенг жалб этиш ҳамда корхоналар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Гулистон давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ҳожиев.

Амалга оширилаётган илмий лойиҳалар кўлами ва мазмуни ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Жумладан, Сирдарё вилоятининг доривор ўсимликлари атласини яратиш ва унинг рақамли платформасини ишлаб чиқиш, “Тарбия” фанини ўқитишга мўлжалланган замонавий электрон таълим ресурсларини тайёрлаш, маҳаллий буғдойдан юқори озуқавий қийматга эга оқсил уни ишлаб чиқариш технологиясини яратиш каби лойиҳалар амалий аҳамияти билан ажралиб туради.

– Жавдар унидан парҳезбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ўсимликларни ҳимоя қилувчи янги авлод биопрепаратларини яратиш, киви ўсимлигини лаборатория шароитида кўпайтириш, заъфарон етиштириш агротехнологиясини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва саноат учун инновацион ускуналар ишлаб чиқиш каби қатор илмий ишланмалар ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Муҳсин Ҳожиев. — Масалан, маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқилаётган оқсилга бой ун маҳсулотлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилса, қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган биопрепаратлар ҳосилдорликни ошириш ва экологик барқарорликни таъминлашга замин яратмоқда. Шунингдек, киви ўсимлигини лаборатория шароитида кўпайтириш технологияси экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишга хизмат қилаётган бўлса, заъфарон етиштириш бўйича илмий ёндашувлар фермерлар учун қўшимча даромад манбаларини шакллантирмоқда. Саноат соҳасида эса универсал ускуналар ва қайта ишлаш технологияларини яратиш орқали маҳсулот қиймат занжири кенгайиб, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Сўнгги беш йилда университетда таълим ва илмий фаолият кўрсаткичларида сезиларли ўсиш кузатилди. Бугунги кунда ўн минглаб талабалар турли таълим шаклларида таҳсил олмоқда. Илмий натижалар сифатида ўнлаб монографиялар нашр этилган, қатор патентлар қўлга киритилган. Профессор-ўқитувчиларнинг хорижий олий таълим муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташи учун кенг имкониятлар яратилган.
Халқаро ҳамкорлик кўламининг кенгайиши натижасида Scopus ва ScienceDirect каби нуфузли илмий маълумотлар базаларидан фойдаланиш даражаси сезиларли ошди. Бу эса тадқиқотлар сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик беришга қаратилган қарорлари университет фаолиятини янги босқичга кўтарди. Кузатув кенгаши фаолияти самарали йўлга қўйилиб, стратегик ривожланиш ҳужжатлари, KPI тизими ва замонавий бошқарув механизмлари жорий этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 12,5 миллиард сўмлик илмий лойиҳалар танлови эълон қилиниши университет илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Университет базасида ташкил этилган “Technoways Youth Business Incubator” маркази эса ёшларнинг инновацион ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим майдонга айланди.
Умуман олганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва илмий-инновацион ташаббуслар Гулистон давлат университетини фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг замонавий марказларидан бири сифатида шакллантирмоқда. Бу эса юртимизда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири