Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий шахсиятига мурожаат қилганимиздаёқ икки қардош халқ қарашларида дўстлик ғояси мужассамлигига гувоҳ бўламиз. Демак, мамлакатларимиз ҳамкорлиги ўзаро манфаатли ва анъанавий биродарликнинг кучли пойдеворига таянган.
Дарҳақиқат, халқларимизни тарих, тил, дин, қадрият, қардошлик ришталари боғлаб туради. Бугун икки давлат етакчиларининг юксак ўзаро ишончга асосланган муносабати туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги шериклик юксак даражага чиқиб, ижобий ва барқарор ривожланиш суръатини намоён этмоқда.
Бу икки қардош ўлка бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Қўшилмаслик ҳаракати каби нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида яқин ҳамкорлик қилиб, бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.
Аслида, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётгани замирида давлат раҳбарларининг дўстона муносабати, ўзаро ташрифлар чоғида эришилган ҳужжатлар ётади.
Президент Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга бу галги давлат ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон – Озарбайжон Давлатлараро олий кенгаши биринчи мажлиси ҳамкорликнинг барча жабҳаларини атрофлича қамраб олиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очади.
Ишончимиз комилки, музокаралар қардош мамлакатларимиз муносабатини қатор истиқболли йўналишларда янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Айни пайт Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий яқин қардошлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган. Олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқот туфайли мавжуд шериклик барча соҳаларда жадал ривожланмоқда.
Мухтасар айтганда, Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга бу гал амалга оширган давлат ташрифи ўзаро манфаатга асосланган яқин қардошлик муносабатини мустаҳкамлаши баробарида, икки томонлама алоқаларни янги даражага кўтаришга хизмат қилади.
Дилмурод Дилмуродов,
Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги
Ёш дипломатлар клуби аъзоси,
ЎзА