Китобхон маҳкумларга имтиёз
Маҳкумлар учун жазони ўташда янги имконият яратилди. Ўзбекистонда китоб мутолааси орқали жазо муддатини қисқартириш мумкин. Бу инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақат ҳуқуқбузарликларни бартараф этишдан иборат эмас. Бу жараён инсон қадр-қимматини улуғлаш ва унинг ҳуқуқларини таъминлашни ҳам қамраб олади. Ҳатто озодлиги чекланган шахслар ҳам билим олиш имкониятидан маҳрум бўлмаслиги керак.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) тўғрисидаги 2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган қонун бу борадаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлади. Мазкур ҳужжат Омбудсман институтининг ваколатлари ва фаолият йўналишларини такомиллаштиришга хизмат қилди. Қонун қабул қилинганига икки йил тўлаётган шу кунларда унинг инсонпарварлик тамойиллари билан боғлиқ жиҳатларига эътибор қаратиш ўринлидир.
Жамиятда инсоннинг ўзгариши, аввало, унинг тафаккуридаги ўзгаришлардан бошланади. Китоб мутолааси эса бундай маънавий янгиланишнинг муҳим воситаларидан биридир. У инсонни мушоҳада юритишга, хатти-ҳаракатларини таҳлил қилишга ва хулоса чиқаришга ўргатади. Бадиий асарлар орқали инсон турли тақдирлар билан танишади. Қаҳрамонлар ҳаётидан сабоқ олиб, ўз қарашларини қайта баҳолаш имконига эга бўлади.


Бу имконият жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар учун айниқса муҳим. Чунки озодликдан маҳрум этилиш инсоннинг маънавий ўсиши тўхташи кераклигини англатмайди. Аксинча, бу давр ўз хатоларини англаш ва келажак режаларини қайта кўриб чиқиш учун имконият бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, қонунчиликдаги янги тартиб алоҳида аҳамият касб этади. 2026 йил 15 январдаги қонун билан Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиришлар киритилди. Унга мувофиқ, белгиланган адабиётларни мутолаа қилган айрим маҳкумларнинг жазо муддати қисқартирилиши мумкин. Ҳар бир ўқилган китоб учун уч кун, бир йилда эса кўпи билан ўттиз кун ҳисобга олинади.
Бироқ мазкур имтиёз барча маҳкумларга бирдек татбиқ этилмайди. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар бундан мустасно. Шунингдек, китобни ўқишнинг ўзи жазо муддатини автоматик равишда қисқартирмайди. Аввало, мутолаа қилинган асар белгиланган рўйхатга киритилган бўлиши лозим. Китоб ўқилгани тегишли комиссия томонидан тасдиқланади. Якуний қарор эса қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан қабул қилинади.


Ушбу жараённинг ташкилий асослари ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги 307-сон қарори билан тегишли низом тасдиқланган. Унда маҳкумлар мутолаасини баҳолаш комиссиялари фаолиятининг тартиби белгиланган.
Маънавий-ахлоқий мазмундаги адабиётлар рўйхати ҳар йили шакллантирилади. Бу вазифа Республика Маънавият ва маърифат маркази зиммасига юклатилган. Бу жараёнда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлик қилмоқда. Танланган асарлар маҳкумларда эзгу қадриятларни шакллантиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Мутолаа факти махсус дастурий таъминот орқали тест синовлари ёрдамида аниқланади. Бунда ўқилган асарларнинг мазмуни ўзлаштирилгани баҳоланади. Махсус тизимдан фойдаланиш инсон омилини чеклашга қаратилган. Бу эса баҳолаш жараёнида холислик ва шаффофликни таъминлаш имконини беради.
Мазкур тартибнинг амалдаги ижроси ҳам таъминланмоқда. Жорий йилнинг 2 ноябрь куни 29- ва 30-сонли манзил-колонияларида комиссия йиғилиши ўтказилди. Унда маҳкумларнинг китобхонлик маданиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Белгиланган талаблар асосида асарларни мутолаа қилган шахслар тест синовларида қатнашди. Синовлар орқали уларнинг ўқилган китоблар мазмунини ўзлаштириш даражаси баҳоланди.


Ижобий натижа кўрсатган маҳкумлар бўйича алоҳида масала кўриб чиқилди. Комиссия уларнинг жазо муддатини қисқартириш юзасидан хулоса тайёрлаш тартибини муҳокама қилди. Бу ерда асосий мезон китоблар сони эмас, балки мутолаа натижасида олинган билимдир. Демак, белгиланган рағбат маънавий ўсиш ва билим ўзлаштириш билан бевосита боғланган.
Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Жазони ўтаб чиққан шахснинг жамиятга қайта мослашиши кўп жиҳатдан унинг дунёқарашига боғлиқ. Билим ва маънавий тарбия бу жараёнда муҳим таянч вазифасини бажаради. Китобхонлик инсонда масъулият, мулоҳаза ва ўз келажагига ишонч туйғуларини кучайтиради.
Шу боис маҳкумларнинг мутолаа қилиш имкониятларини кенгайтиришни фақат жазо муддатига боғлиқ масала сифатида баҳолаб бўлмайди. Бу инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва унинг қадр-қимматини ҳурмат қилишнинг ҳам муҳим кўринишидир. Омбудсман институти фаолиятида ҳам бундай ёндашув инсонпарварлик тамойилларининг амалий ифодаси сифатида аҳамиятлидир.

Зеро, китоб инсонни фикрлашга, қонун эса ўз ҳуқуқларини англашга йўналтиради. Инсонпарварлик ана шу икки қадриятни бирлаштириб, тузалиш учун имконият яратади. Энг муҳими, жамиятга қайтиш истагини билим ва маърифат билан мустаҳкамлайди.
Ўткир Жўраев,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили
(омбудсман)нинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили.
ЎзА