Ёмғир сувидан унумли фойдаланиш ташаббусини илгари сураётганлар кўпаймоқда
Сув чексиз неъмат эмаслигини, ҳар бир томчининг ортида келажак авлод тақдири турганини бугун чуқур англаш вақти келди.
Мана шундай шароитда биз ҳалигача эътибор бермаётган, аммо табиатнинг ўзи бизга текин ва мўл тақдим этаётган улкан манба мавжуд. Бу ёғаётган ёмғир ва қор сувларидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги халқ вакилларининг ёмғир сувидан унумли фойдаланиш ташаббуси билан чиқаётгани эътиборга молик.
– Икки йилдан буён ёмғир сувларини йиғиш, сақлаш ва ундан самарали фойдаланиш лойиҳаси устида ишлаб келмоқдаман, – деди Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Муҳсиддин Низомиддинов. – Бу давр мобайнида мазкур ташаббуснинг амалий имкониятларини ўрганиш, уни оддий хонадонлардан тортиб, мактаблар ва бошқа ижтимоий объектларгача татбиқ этиш йўллари ҳақида мутахассислар билан бирга изландик. Бу ишлар бизга бир нарсани англатди, сувни тежаш фақат янги сув манбаларини излашдан иборат эмас. Баъзан мавжуд сувнинг ўзидан оқилона фойдаланиш, унинг беҳуда оқиб кетишига йўл қўймаслик ҳам муҳим натижа бериши мумкин. Шу боис ёмғир сувларини йиғиш тизимини 2027 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасига киритиш масаласини кўтаришни таклиф қилмоқчиман. Менимча, бу ташаббусни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш сувни тежаш, экологик маданиятни ривожлантириш ва ҳудудларимиз ободончилигига хизмат қиладиган истиқболли йўналишлардан биридир.
Ёмғир суви бу борада қўшимча имкониятдир. Ёғингарчилик вақтида биноларнинг томлари ва бошқа юзалардан оқиб тушаётган сувнинг бир қисмини махсус тизимлар ёрдамида йиғиш мумкин. Бунинг учун томлардан тушадиган қувурлар, дастлабки филтрлаш мосламалари ва сувни сақлашга мўлжалланган резервуарлар керак бўлади. Заруратга қараб, насос ва томчилатиб суғориш тизимларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Албатта, ёмғир сувининг миқдори ҳудуднинг иқлими, ёғингарчилик даражаси, том майдони ва мавсумга боғлиқ. Шу сабабли бу усул барча жойларда бир хил натижа беради, деб бўлмайди. Лекин шароит қулай бўлган объектларда ёмғир сувини йиғиш ичимлик сувига бўлган қўшимча эҳтиёжни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Энг муҳими, биз ёмғир сувини ичимлик сувининг тўлиқ ўрнини босувчи манба сифатида эмас, балки айрим эҳтиёжлар учун ундан фойдаланишни камайтирадиган қўшимча ресурс сифатида кўришимиз керак.
Айнан шу ёндашув лойиҳанинг амалий ва иқтисодий аҳамиятини белгилайди. Оддий ечим билан амалий самарага эришса бўлади.
Айрим объектларда нисбатан содда мосламалар билан бошлаш, кейинчалик эса эҳтиёж ва тажрибадан келиб чиқиб тизимни такомиллаштириш мумкин. Бироқ ҳар қандай лойиҳа каби, бунда ҳам дастлабки харажатлар ва кутилаётган натижалар ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Резервуар ҳажми, филтрлар, қувурлар, насос ва хизмат кўрсатиш харажатлари йиғилиши мумкин бўлган сув миқдорига мос бўлиши керак. Шундагина лойиҳа иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаш имкониятига эга бўлади. Ёмғир сувларини йиғиш лойиҳасини дастлаб мактаблар ва бошқа ижтимоий объектларда синаб кўриш мақсадга мувофиқ. Чунки бундай масканларда нафақат сувни тежаш, балки ёш авлодда экологик масъулиятни шакллантириш имконияти ҳам мавжуд.
Лойиҳанинг иқтисодий самараси ҳар бир объект бўйича алоҳида ҳисобланиши лозим. Йиғилган сув миқдори кам бўлган ҳудудда катта резервуар ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлмаслиги мумкин.
Аҳамиятлиси, кейинги пайтларда шу каби ташаббуслар билан чиқаётганлар, бунинг самарасини юқори баҳолаётганлар сафи кенгаймоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА