Ўзбекистон – Нидерландия аграр ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир икки давлат ўртасидаги аграр алоқалар тарихида муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.
Симпозиум Ўзбекистон делегациясининг Нидерландияга амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлиб, ўзаро ишонч ва манфаатларга асосланган стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Тадбирда Нидерландия карантин хизмати вакиллари, шунингдек, икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим муассасалари ва ишбилармон доиралари иштирок этди.
Муҳокамалар марказида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш масалалари турди. Шу билан бирга, янги инвестицион лойиҳаларни шакллантириш ва илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
[gallery-28733]
Таъкидланишича, Нидерландия қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувлар ва юқори самарадорлик бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон эса бой аграр салоҳияти ва кенг имкониятлари билан мазкур тажрибани самарали ўзлаштириш учун мустаҳкам асосга эга.
Симпозиумда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, уруғчилик тизимини ривожлантириш, иссиқхона хўжаликларини модернизация қилиш, мева-сабзавотчиликни кенгайтириш ҳамда агротехнологияларни жорий этиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги таълими ва илмий тадқиқот соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аграр соҳани ислоҳ қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Нидерландия билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Рақамлар ҳам ижобий динамикани тасдиқлайди. Тақдим қилинган маълумотларга асосан, ўтган 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми 3,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 8,3 миллион долларга етган.
Тадбир доирасида қатор келишув ва меморандумларни имзолаш, шунингдек, аниқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани таъкидланди. Б2Б учрашувлар ва музокаралар янги қўшма ташаббусларни шакллантириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ҳамда илғор технологияларни амалиётга жорий этиш учун муҳим замин яратди.
Умуман олганда, мазкур халқаро симпозиум Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги узоқ муддатли ва ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, аграр соҳада инновацион ривожланиш учун янги имкониятлар эшигини очди.
Муҳайё Тошқораева,Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА