Тошкентда уй-жой нархлари ўсди
Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозори сўнгги йилларда иқтисодий фаолликнинг муҳим индикаторларидан бирига айланиб бормоқда. Электрон савдо платформалари орқали шакллантирилаётган маълумотлар бозордаги реал талаб ва таклиф динамикасини аниқроқ баҳолаш имконини бермоқда. 2026 йилнинг дастлабки уч ойи давомида қайд этилган кўрсаткичлар эса пойтахтда кўчмас мулк нархлари барқарор, аммо ҳудудлар кесимида турлича тенденция намоён этаётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, 2026 йил 1 январь 1 апрель оралиғида электрон савдо платформалари орқали тўпланган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозори нисбатан барқарор ўсиш динамикасини намоён этмоқда. Таҳлиллар турли тоифадаги объектлар нархларида мўътадил ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.
Кўп квартирали уй-жойлар сегментида 1 кв.м учун ўртача нархлар 0,8 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Бектемир, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида қайд этилди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда, жумладан Сергели ва Учтепа туманларида нархларнинг кичик пасайиши кузатилган.
Якка тартибдаги уй-жойлар бозорида 1 сотих ер қиймати ўртача 0,3 фоизга ўсган. Бу сегментда Миробод тумани етакчилик қилмоқда. Айрим марказий ҳудудларда эса нархлар барқарор ёки бироз пасайиш тенденциясида бўлган.
Нотурар объектлар сегментида бозор фаоллиги нисбатан юқори бўлиб, 1 кв.м учун ўртача нархлар 1,2 фоизга ошган. Айниқса, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида сезиларли ўсиш қайд этилган. Шу билан бирга, Сергели ва Юнусобод туманларида пасайиш кузатилган.
Умуман олганда, Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида мувозанатли ривожланиш сақланмоқда. Айрим туманларда талаб ва инвестицион фаоллик юқори даражада қолмоқда, бу эса нарх динамикасига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Мутахассислар фикрича, электрон савдо платформалари орқали шаклланаётган маълумотлар бозор шаффофлигини ошириб, реал нарх тенденцияларини аниқроқ баҳолаш имконини бермоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА