Ўзбекистон — Иордания: умумий мақсадлар йўлидаги стратегик шериклик
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ўртасида ўтказилган музокаралар икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Мулоқот чоғида ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган дўстона муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олинди.
— Бу қарор алоҳида аҳамиятга эга. Стратегик шериклик — бу шунчаки дипломатик мақом бўлибгина қолмай, айни дамда муносабатларни мазмун билан бойитиш, иқтисодиёт, инвестициялар, таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятидир.
Кенг кўламли “йўл харитаси”ни қабул қилиш тўғрисидаги келишувга эришилгани алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, халқаро келишувларнинг қиймати уларнинг амалий натижаларида — тадбиркорлар, ёшлар, мутахассислар учун янги имкониятларда, энг муҳими ҳаёт даражаси яхшиланишида намоён бўлади.
Ўзбекистон тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлида очиқ мулоқот, ўзаро ишонч ва ҳамкорликка интилган ҳолда, халқаро алоқаларни изчил мустаҳкамламоқда. Иордания билан ҳамкорлик бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлишига, давлатларимиз ва халқларимиз учун янги истиқболларни очиб беришига ишонаман. Ҳамкорликнинг пойдевори ишонч бўлса, дипломатия келажак учун реал имкониятларга айланади, — дея таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Ирина Токарева.
Лира Шафик ёзиб олди,
ЎзА