Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан Андижон давлат тиббиёт институтида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ташкил этилган давра суҳбатида партия фаоллари, ҳуқуқшунослар, институт профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этди.
Мустақил, демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида халқимиз манфаатлари кўзланган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимизда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг бош мақсадига айланган.

Давра суҳбатида сўз олганлар томонидан Бош Қомусимизда белгиланган асосий тамойиллар, унинг модда ва бандлари ҳақида маълумотлар берилди, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамма нарсадан устунлиги, ҳар бир фуқаро қонунларимизда белгиланган ҳуқуқларини яхши билиши ва улардан лозим даражада фойдаланиши муҳимлиги таъкидланди.
Жумладан, Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланиб, давлатнинг инсон фаровонлиги ва ижтимоий адолат тамойилларига асосланиши алоҳида қайд этилган.
Тадбирда “Инсон қадри учун” деган тамойил ислоҳотларнинг асоси, инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш эса барча давлат органлари ва ташкилотларнинг конституциявий вазифаси эканлиги айтиб ўтилди. Бу борада “Адолат” СДП томонидан ҳам кенг кўламли амалий ва тарғибот ишлари олиб борилаётганлиги эътироф этилди.
– Бугунги тадбиримиз ҳам талаба ёшлар иштирокида ўтказилаётганлиги бежиз эмас, – дейди “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши раиси Илҳомжон Абдулазизов. – Ёшларнинг Бош қомусимизда белгиланган тамойилларни, қонунларимизни, ўзларининг ҳуқуқ ва бурчларини яхши билишлари муҳимдир. Чунки, таҳлилларнинг кўрсатишича, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг аксарияти фуқаролар, хусусан, ёшларнинг қонунларимизни яхши билмаслиги натижасида келиб чиққан.

Иштирокчиларнинг ҳуқуқий ва Конституцияга оид билимларини бойитишга хизмат қилган давра суҳбати давомида талаба ёшларнинг ҳуқуқий билимлари савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди. Тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ иштирокчилар “Адолат” СДПнинг эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири