Ўзбекистон Ички ишлар вазири Интерпол Бош котиби билан учрашди
Бишкек шаҳрида ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов Интерпол Бош котиби жаноб Валдеси Уркиза билан учрашди.
Конструктив руҳда кечган мулоқот давомида томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, тезкор ахборот алмашинувини такомиллаштириш ҳамда халқаро қидирув соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлди.

Таъкидланганидек, замонавий таҳдидлар ва хавф-хатарлар глобал тус олаётган бир шароитда жиноятчиликка қарши самарали курашиш, давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг яқин ҳамкорлиги ва саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги учун Интерпол билан ҳамкорлик халқаро фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Ўз навбатида, Валдеси Уркиза ҳозирги кунда Интерпол Ўзбекистон билан ўзаро шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдириб, халқаро ҳамкорликнинг амалий механизмларини ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Интерполнинг Миллий марказий бюролари турли мамлакатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш ва халқаро жиноятчиликка қарши курашишда муҳим ўрин тутади.
Учрашув якунида томонлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги истиқболли вазифаларни белгилаб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА