Тиббиёт хабарлари
Ижтимоий тармоқларда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан айрим тиббиёт муассасаларида ўтказилган ўрганиш натижалари маълум қилинди.
Унда 2023-2025 йилларда пулли тиббий хизматлар нархларини шакллантиришда хатоликларга йўл қўйилгани ва жами 440 миллион сўм ортиқча тўлов ундирилгани қайд этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирган расмий муносабатга кўра, мазкур даврда пулли тиббий хизматлар нархлари 2017 йилда тасдиқланган Низом асосида шакллантирилган.
Унда хизмат таннархига киритиладиган харажатлар белгиланган бўлса-да, уларнинг айримларини бевосита ёки билвосита харажатлар таркибига киритилиши бўйича аниқ меъёрлар етарли даражада назарда тутилмаган.
Шу сабабли тиббий хизматлар таннархини ҳисоблашда турлича ёндашувлар қўлланилиб, айрим хизматлар нархига ортиқча харажатлар киритилгани аниқланган.
Бугунги кунга келиб, тиббиёт муассасалари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилди. Тиббий хизматлар нархлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 718-сон қарори талабларига мувофиқлаштирилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар кўрсатиш, тарифларни шакллантириш, ҳисоб-китоб жараёнларини рақамлаштириш ҳамда назоратни кучайтириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
***
Яқинда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректори А.Сидиков бошчилигидаги делегация АҚШнинг Мичиган университетида бўлиб қайтди.
Сафар давомида дунёнинг TOP-25 ва тиббиёт йўналишида жаҳоннинг TOP-20 университетлари қаторига кирувчи Мичиган университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Етакчи профессорларни Ўзбекистонга жалб этиш бўйича келишувларга эришилди, халқаро грант дастурларига кириш имкониятлари яратилди.
шунингдек, USMLE стандартларини тиббий таълимга интеграция қилиш бўйича амалий ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилди.
***
Президентимизнинг Қурбон ҳайити арафасида қабул қилган қарори 13 мингга яқин ана шундай юртдошларимиз хонадонларига умид ва қувонч олиб кирди. Ушбу эзгу ташаббус доирасида жойларда юқори технологик операциялар ўтказиляпти.
Шу мақсадда республика ихтисослашган тиббиёт марказларининг энг моҳир шифокорлари туман-шаҳарларга бориб, жарроҳлик амалиётларига бош-қош бўлмоқда.
Хусусан, Болалар миллий тиббиёт маркази ва Миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ етук шифокорлари томонидан Самарқанд вилоятининг олис Иштихон ва тоғли Ургут туманларида беморлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиляпти ва жойларнинг ўзида юқори технологик амалиётлар бажарилди.
Жумладан, Ургут туманидаги замонавий қиёфа касб этган 21-сон оилавий поликлиникада беморлар сараланиб, соғломлаштириш учун маҳаллий шифохонага ётқизилди.
***
Қирғиз Республикаси Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Тиббий суғурта жамғармаси ҳамроҳлигида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти, яратилган шароитлар ҳамда замонавий инфратузилмаси билан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар марказда амалга оширилаётган ишлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва мавжуд имкониятларни юқори баҳолади.
Қирғизистонлик мутахассислар таъкидлаганидек, Марказий Осиё миқёсида бундай замонавий марказ фақат Ўзбекистонда мавжуд бўлиб, бу мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир муҳим натижаси ва катта ютуғи ҳисобланади.
***
Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 3848, 04.06.2026 й.)га асосан дори воситасини ишлаб чиқаришда ҳайвон хомашёсидан олинган моддалар қўлланилган ҳолларда, уларнинг таркибида прионлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳужжатларда аниқ кўрсатилиши лозим.
Шунингдек, дори воситасини тиббиётда қўллаш бўйича йўриқномага халқаро талабларга мос, реклама хусусиятига эга бўлмаган қўшимча маълумотларни киритишга рухсат этилади.
Бундан ташқари, дори воситасининг генетик модификацияланган организмлар (GMO) сақлаши ёки улардан олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам мажбурий тартибда кўрсатилади. Бунда генетик модификация тури ва манбаси, қўлланилган генетик конструкция ва экспрессия тизими, биологик ва экологик хавфсизлик чоралари, ишлаб чиқариш жараёнида GMOдан олинган моддалар қўлланилган босқичлар ҳамда генетик хавфсизликка оид ҳужжатлар ҳақида маълумотлар тақдим етилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА