Ўзбекистон ва Беларусь техник тартибга солиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ҳамда мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Беларусь Республикаси Стандартлаштириш давлат қўмитаси вакиллари иштирокида онлайн мулоқот ташкил этилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон – Беларусь Ҳукуматлараро комиссиясининг ўн биринчи ва ўн иккинчи йиғилишларида қабул қилинган қарорлар ижроси, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда икки давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар кейинги йилларда савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 25 фоизга ўсиб, қарийб 1 миллиард АҚШ долларига етган. Жорий йилнинг январь-март ойларида эса товар айирбошлаш ҳажми қарийб 50 фоизга ортиб, 259,7 миллион АҚШ долларини ташкил этгани икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар изчил ривожланаётганидан далолат беради.
Мулоқот чоғида инвестициявий ҳамкорлик натижалари ҳам қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги 245 та корхона фаолият юритаётган бўлса, Беларусь ҳудудида ўзбек капитали иштирокидаги 110 та корхона самарали иш олиб бормоқда. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги қўшма лойиҳалар портфели 341 миллион АҚШ долларига етгани таъкидланди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласи бўлди. Халқаро амалиёт ва техник тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари асосида амалдаги техник регламентларни такомиллаштириш, хусусан, паст кучланишли ускуналар хавфсизлигига оид техник регламентни қайта кўриб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, электротехника маҳсулотларини сертификатлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Ҳукуматлараро комиссиянинг ўн биринчи ва ўн иккинчи йиғилишларида эришилган келишувларни белгиланган муддатларда амалга ошириш, шунингдек, якунловчи баённомада назарда тутилган барча йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.
Стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларини янада ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА