Ўзбекистон боксчилари Жаҳон кубогида муваффақиятга эришди
Хитойда ўтган Жаҳон кубогида Ўзбекистон боксчилари 12 та медаль жамғарди. Эркаклар терма жамоаси эса 3 та олтин медаль билан мусобақанинг энг яхши жамоаси сифатида эътироф этилди.
Хитойнинг Гуйян шаҳрида бокс бўйича Жаҳон кубоги ўз якунига етди. Нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, жами 12 та медални қўлга киритди.
Айниқса, эркаклар терма жамоаси яна бир бор ўз устунлигини намоён қилди. Вакилларимиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан эркаклар жамоалари ўртасида биринчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич бўйича Қозоғистон терма жамоаси (3 та олтин, 3 та бронза) иккинчи, Франция эса учинчи поғонадан жой олди.
Умумжамоа ҳисобида, мезбон Хитой терма жамоаси 5 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медаль билан биринчи ўринни қўлга киритди. Қозоғистон 5 та олтин ва 3 та бронза медаль билан иккинчи бўлган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медаль билан кучли учликни якунлади.

Мусобақада Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилардан Абдумалик Халаков (-60 кг), Жавоҳир Умматалиев (-80 кг), Тўрабек Ҳабибуллаев (-90 кг) ҳамда Нигина Ўктамова (-57 кг) чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.
Кумуш медаллар Асилбек Жалилов (-50 кг), Фарзона Фозилова (-48 кг) ва Олтиной Сотимбоева (+80 кг) ҳисобига ёзилди.
Бронза медалларга эса Акмалжон Исроилов (-85 кг), Арман Маханов (+90 кг), Ситора Турдибекова (-60 кг) ҳамда Азиза Зокирова (-75 кг) сазовор бўлди.

Терма жамоа муваффақиятида Тўлқин Қиличев ва Элшод Расулов бошчилигидаги мураббийлар штаби, шунингдек, тиббий ва тикланиш гуруҳи аъзоларининг ҳам муносиб ҳиссаси бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА