ЖЧ–2026: Бугун “G” ва “H” гуруҳларидаги жамоалар навбатдаги учрашувларини ўтказади
Футбол бўйича давом этаётган Жаҳон чемпионати доирасида бугун “G” ва “H” гуруҳларида навбатдаги учрашувлар бўлиб ўтади.
“H” гуруҳида Испания терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Уругвай ва Кабо-Верде терма жамоалари тонгги соат 03:00 да майдонга тушади.

“G” гуруҳида Бельгия ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги баҳс соат 23:59 да старт олади. Янги Зеландия ҳамда Миср жамоалари тўқнашуви эса 22 июнь куни соат 06:00 да бошланади.
Эътиборли жиҳати, “G” ва “H” гуруҳларидаги барча жамоалар иккинчи тур олдидан дуранг қайд этган ҳолда бир очкога эга бўлиб турибди. Уларнинг гуруҳдаги ўринлари эса голлар нисбатига кўра тақсимланган.

Дарвоқе, бироз аввал мундиалнинг “F” гуруҳидан ўрин олган Тунис ва Япония терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Ушбу баҳс Жаҳон чемпионатлари тарихидаги 1000-ўйин сифатида қайд этилди.
Маълумот учун, футбол бўйича илк Жаҳон чемпионати баҳслари 1930 йил 13 июль куни Уругвайда старт олган. Мусобақанинг дастлабки кунги учрашувларидан бири Франциянинг Мексика устидан 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
1000-ўйин мақомига эга бўлган баҳсда Япония Тунисни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Натижада Африка қитъаси вакили плей-офф босқичига чиқиш имкониятини муддатидан аввал йўқотди.
Тунис биринчи турда ҳам Швецияга 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Ушбу натижадан сўнг жамоа бош мураббийи алмаштирилган бўлса-да, бу ўзгариш кутилган самарани бермади. Икки турдан кейин ҳам очко жамғара олмаган Тунис “F” гуруҳида сўнгги ўринда қолмоқда.

Айни пайтда Япония ва Нидерландия терма жамоалари 4 очкодан тўплаб, гуруҳ пешқадамлари бўлиб турибди. Швеция ҳисобида эса 3 очко мавжуд. Мазкур гуруҳнинг сўнгги тур баҳслари 26 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Япония ва Швеция, Нидерландия ҳамда Тунис терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА