Ўзбекистон-АҚШ: замонавий сейсмик комплекслар жорий этилиши режалаштирилмоқда
Жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари Тошкент шаҳри халқаро инвестициявий мулоқотлар марказига айланади. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинмоқда. Айниқса, энергетика ва углеводород ресурсларини ўрганиш соҳасидаги лойиҳалар алоҳида эътибор марказида турибди.
Форум доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раҳбарияти АҚШнинг сейсмик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи “INOVA” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда нефть ва газ қидирув ишларини замонавийлаштириш, соҳага юқори технологияли ечимларни жалб қилиш ҳамда иш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ташаббуслар муҳокама қилинди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири сейсмик қидирув ишларида қўлланиладиган замонавий комплексларни харид қилиш ва уларни амалиётга жорий этиш масаласи бўлди. Хусусан, 20 минг каналли иккита замонавий сейсмик комплексни харид қилиш имконияти кўриб чиқилди. Шу тариқа умумий қуввати 40 минг каналга тенг бўлган замонавий тизимларни ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Ушбу техник воситалар ер ости қатламларини янада аниқ таҳлил қилиш, истиқболли кон майдонларини белгилаш ва геологик маълумотларни юқори сифатда шакллантириш имконини беради.
Музокаралар жараёнида техник кўрсаткичлар билан бир қаторда лойиҳанинг иқтисодий жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар харажатларни мақбуллаштириш, етказиб бериш шартлари ва узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилди.
Мутасаддилар қайд этганидек, замонавий сейсмик технологияларни жорий этиш геология-қидирув ишларининг самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, соҳада рақамли ва инновацион ёндашувларни кенгайтириш ҳамда нефть-газ тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА