Бахмал бизнесига янги нафас
Бахмал туманида тадбиркорлар учун айни муддао бўлган янгиликлар муҳокама қилинди. Энди савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун солиқ юки сезиларли даражада енгиллашади. Бу эса нафақат бизнесни кенгайтириш, балки янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида тадбиркорлар, ишбилармонлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида очиқ мулоқот ва амалий семинар ташкил этилди. Учрашувда мамлакатимизда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай иқтисодий муҳит яратишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Тадбирда Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камол Эргашев, Бахмал тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмал Мелибоев, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Жўрабек Оқбўтаев ҳамда юзлаб тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.

Мулоқот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 майда қабул қилинган “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти турди. Мазкур ҳужжат кичик бизнес учун солиқ тизимини соддалаштириш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолияти савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослашган тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилди. Унга кўра, ҚҚС ставкаси 6 фоиз этиб белгиланган бўлса, фойда солиғи ставкаси 0 фоизни ташкил этади. Бу эса тадбиркорлар зиммасидаги молиявий юкни сезиларли даражада енгиллаштириб, уларга ўз фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча имконият яратади.

Янги тартибнинг яна бир муҳим жиҳати — ортиқча ҳисоботбозлик ва қоғозбозликка барҳам берилаётганидир. Айрим солиқ ҳисоботларини тақдим этиш мажбуриятининг бекор қилиниши тадбиркорларга вақт ва ресурсларни тежаш имконини беради. Натижада улар ўз диққат-эътиборини ҳужжат тўлдиришга эмас, балки бизнесни ривожлантиришга қаратади.
Семинар давомида “Солиқчи — кўмакчи” тамойилининг амалий мазмуни ҳам атрофлича очиб берилди. Мутахассислар томонидан солиқ юкининг енгиллашиши, фаолиятни расмий юритишнинг афзалликлари ва янги имкониятлар ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда солиқ органларининг асосий вазифаси тадбиркорни жазолаш эмас, балки унинг ишончли маслаҳатчиси ва ҳамкори бўлишдан иборат.

Учрашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — амалий мулоқот муҳити қарор топганида бўлди. Тадбиркорлар томонидан билдирилган муаммо ва таклифлар диққат билан тингланди, бир қатор мурожаатлар эса шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Бу эса давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасидаги мулоқотнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Шубҳасиз, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай ислоҳотлар ҳудудлар иқтисодиётини янада жонлантиришга хизмат қилади. Айниқса, Бахмал каби имкониятлари кенг ҳудудларда янги солиқ имтиёзлари ва маъмурий енгилликлар кичик бизнеснинг ўсишига кучли туртки бериши кутилмоқда. Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган тадбиркор эса ўз бизнесини янги босқичга олиб чиқиши, янги иш ўринлари яратиши ва маҳаллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири