1 июлдан рақамли маркировка бўйича янги талаблар кучга киради
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатимизда мажбурий рақамли маркировка жорий этилган товарларни электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат-касса техникаси орқали реализация қилишда қўшимча талаблар амал қила бошлайди.
Янги тартиб товарлар айланмасининг шаффофлигини таъминлаш, ноқонуний савдо ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш, шунингдек рақамли маркировка маълумотларининг ишончлилигини оширишга қаратилган.
Унга кўра, электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилганда бир қатор маълумотлар автоматик тарзда текширилади. Хусусан, товар етказиб берувчида тегишли лицензия, рухсатнома ёки хабардор қилиш ҳужжатининг мавжудлиги, субъектнинг «Асл белгиси» миллий ахборот тизимида рўйхатдан ўтгани, рақамли маркировка кодларининг тўғри акс эттирилгани ҳамда товарни харид қилувчи чакана савдо субъектининг маркировка кодларини ўқувчи махсус қурилмалар билан таъминлангани назорат қилинади.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида рақамли маркировка кодларини ўқиш учун зарур бўлган 2D-сканерларни харид қилишда қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилиши белгиланган.
Онлайн назорат-касса техникаси чекларида эса рақамли маркировка коди «Асл белгиси» миллий ахборот тизимида мавжудлиги ва маҳсулотнинг МХИК коди мазкур маркировка кодига мувофиқлиги автоматик тарзда текширилади.
Қайд этилишича, мазкур янгиликлар товарлар ҳаракатини тўлиқ рақамлаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қалбаки маҳсулотлар айланмасини қисқартириш ҳамда тадбиркорлар учун ҳисобга олиш ва назорат жараёнларини янада соддалаштиришга хизмат қилади.
Рақамли маркировка тизими билан ишлаш жараёнида юзага келган саволлар бўйича солиқ тўловчилар шахсий кабинетдаги «Рақамли маркировка билан ишлаш» хизмати орқали Рақамли маркировка қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясига мурожаат қилишлари мумкин.
Келиб тушган мурожаатлар қисқа муддатларда кўриб чиқилиб, тадбиркорлар ва солиқ тўловчиларга тегишли тушунтириш ҳамда амалий ёрдам кўрсатилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА