Ўрта тиббиёт ходимлари мақоми оширилади
2027/2028 ўқув йилидан тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналишларига, шу жумладан, мақсадли қабул параметрлари доирасида талабаликка қабул қилишнинг минимал чегараси кириш имтиҳонларида тўплаш лозим бўлган максимал баллнинг 60 фоизи этиб белгиланади.
Бу ҳақда “Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланди.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика соҳасида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва резидентура дастурлари ҳар бир ўқув модулининг академик кўрсаткичларини ўзлаштиришда, шунингдек, давлат имтиҳонларида минимал ўтиш баллари шифокор мутахассисликлари учун энг юқори баллнинг
70 фоизи, ўрта тиббиёт ходими мутахассисликлари учун 60 фоиз этиб белгиланади.
Қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари ёки дастурлари орқали тор соҳа мутахассисликлари бўйича (қўшимча) ихтисослаштириш бекор қилинади.
Бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари (интернатура)га қабул бекор қилинади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ҳамширалик иши касбий таълим мутахассислиги негизида тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги ҳамда олий ҳамширалик иши бакалавриат таълим йўналиши негизида олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади.
Бунда тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги ҳамда олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналишини битирган хотин-қизларга ҳамшира ҳамда эркакларга тиббиёт оғаси квалификацияси берилади.
Олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналишида давлат буюртмаси қабул параметрлари 2030/2031 ўқув йилига қадар ҳар йили камида 20 фоизга ошириб борилади.
Тиббиёт ходимларига ҳар ойлик устамалар тўлаб борилади
Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик ўқув дастурларига қабул бекор қилинади.
Олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашда ривожланган хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этилади.
Тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислигида илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш мақсадида магистратура дастури йўлга қўйилади.
2027 йил 1 январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларнинг ойлик маошларига қуйидаги миқдорларда базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устамалар белгиланади:
– бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари;
– магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари;
– оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ва шу йўналишда магистратурани тамомлаган педагог кадрларга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари.
Тор соҳа мутахассисликлари бўйича ихтисослаштириш фақат резидентура орқали амалга оширилади
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб тор соҳа мутахассисликлари бўйича бирламчи ва қўшимча ихтисослаштириш фақат резидентура орқали амалга оширилади.
Магистратура қабул параметрларининг қисқаришига қадар бўлган миқдорининг 20 фоизгача қисми магистратура дастурлари учун сақланади.
Тиббиёт соҳасида магистратура дастури орқали тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш амалиёти бекор қилинади.
Магистратура дастурлари бўйича ўқишга олий маълумотга эга номутахассис, бироқ турдош соҳаларда таълим олганларни ҳам қабул қилишга рухсат берилади.
Магистратура дастурлари илмий-педагогик (номутахассислардан фақат илмий) ва бошқарув кадрларини тайёрлашга хизмат қилади.
Нодавлат тиббиёт ва таълим ташкилотларига тор соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ташкилотнинг ўз маблағлари ҳисобидан резидентура дастурлари бўйича ўқишни йўлга қўйишга рухсат этилади.
Оилавий тиббиёт йўналиши бўйича резидентура талабалари Вазирлик томонидан тиббиёт олий таълим ташкилотига бириктириладиган оилавий поликлиникаларда тайёрланади.
Бунда оилавий поликлиникага бириктирилган аҳолига тиббий хизматлар тиббиёт олий таълим ташкилоти профессор-ўқитувчилари ҳамда резидентура талабалари томонидан ҳам кўрсатилади.
Оилавий поликлиникада резидентура талабалари бир вақтнинг ўзида ҳам таълим олади, ҳам амалиёт билан шуғулланади.
М.Қосимова, ЎзА