Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар сифати оширилади
Бекобод туманида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари, Бекобод тумани ҳокими ўринбосари Фарҳод Камолов ҳамда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар иштирок этди.
Мулоқотда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар самарадорлигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, хизматлар сифатини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Бекобод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар хусусида маълумот берилди.
Учрашув давомида Бекобод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига янги тайинланган директор Ўктам Маматов жамоага таништирилди.
Мулоқот доирасида ҳудудда барпо этилаётган “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказининг қурилиш жараёни ҳам ўрганилди. Масъуллар билан объектларда яратилаётган шароитлар, хизматларни ташкил этиш ва келгуси фаолият юзасидан фикр алмашилди.

Тез кунларда фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур марказлар аҳолига ижтимоий хизматларни янада қулай, манзилли ва сифатли кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА