Ўтмиш ва бугунни боғловчи маскан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи Ўзбекистондаги қадимий музейлардан бири ҳисобланади. Унинг ташкил топишига 1894 йил кузида Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳрида ўтказилган қишлоқ хўжалиги ва саноати кўргазмаси асос бўлган.
1897 йилда музей низоми тасдиқланиб, 1899 йил 26 май куни “Фарғона вилоят халқ музейи” номи билан унинг тантанали очилиш маросими ўтказилган. Ўша даврда музейда 2 минг 223 та экспонат жамланган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 100 мингдан ошган.
Музейда сақланаётган ҳар бир экспонат ўлка тарихининг муайян даври, халқимизнинг турмуш тарзи, маданияти ва ҳунармандчилиги ҳақида маълумот беради. Айни пайтда муассасанинг Марғилон шаҳри, Олтиариқ ва Учкўприк туманларида 5 та филиали фаолият кўрсатмоқда.
Музей хизматларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, илғор технология ва инновацион ғояларни кенг жорий этиш муассасанинг асосий вазифаларидан биридир.
[gallery-31455]
Музей экспозицияларидан қадимги руник (Ўрхун-Энасой) ёзувлари туширилган сопол буюмлар, археологик топилмалар, рангтасвир ва ҳайкалтарошлик асарлари, қўлёзмалар, Риштон кулолчилиги намуналари, XIX аср охирига оид мебеллар жамланмаси ҳамда бошқа ноёб ашёлар ўрин олган.
Хусусан, археология коллекциясида 11 мингдан ортиқ ашё ва коллекциялар жамланган. Улар орасида юксак санъат билан ишланган, катта тарихий аҳамиятга эга намуналар ҳам бор.
Мазкур осори атиқалар Фарғона водийсининг тош асридан буёнги тарихи ҳақида муҳим маълумот бериб, тадқиқотчилар учун қимматли манба вазифасини ўтайди.
Табиат бўлими экспозициясидаги ноёб тошлар, ҳайвонларнинг қотирилган намуналари, шунингдек, тоғ, адир, чўл ва ғорларга бағишланган диорамалар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотади. Улар орқали Фарғона водийси табиатининг ўзига хос жиҳатлари ва бетакрор манзаралари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Тарих бўлими экспонатлари эса ташриф буюрувчиларни ўтмиш саҳифаларига етаклайди. Қадимги давр, ўрта асрлар ва хонликлар даврига оид ашёлар орқали халқимизнинг ҳаёти, ҳунармандчилиги, амалий санъати ва ўша даврдаги муҳим воқеалар ҳақида маълумот олиш мумкин.
Бугунги кунда музейда нумизматика, мато, ёғоч, ёзма ҳужжатлар, табиат, газета, харита, плакат, фото, негатив, археология, сопол, металл ва санъат асарлари фондлари фаолият юритмоқда.
2026 йил бошидан буён музейга 27 минг нафардан зиёд киши ташриф буюрди. Бу тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб этиш ва ёш авлодга етказишда музейларнинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА