Ўқувчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига оид билимлари ортмоқда
Андижон вилоятида ўқувчи ёшлар иштирокида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишининг олдини олиш ва гиёҳвандликнинг салбий оқибатларига бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан «Диққат, болалар» профилактик тадбирлари доирасида Андижон шаҳридаги «ZMB School» хусусий мактабида ўтказилган тадбирда ҳам ўқувчиларга вояга етмаганларнинг йўл ҳаракатида хавфсиз иштирокини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, автомашинани ҳужжатсиз ва тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган ҳолда бошқаришнинг оғир оқибатлари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг зарари, унинг инсон саломатлиги, келажаги ва жамиятга салбий таъсири юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.


Ўқувчилар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид билимларини янада бойитди.
Тадбирда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш нафақат масъулият, қонуний талаб, балки инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашнинг муҳим гарови эканлиги алоҳида қайд этилди.


Бу каби профилактик тадбирлар вилоятдаги таълим муассасаларида режа асосида ўтказиб келинмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири