Қувасойда экспортбоп керамогранит ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида “Crown Ceramic” Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилди.
2025 йил август ойида иш бошлаган мазкур лойиҳага 70 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилди. Унинг 30 миллион доллари маҳаллий тадбиркор маблағлари, 40 миллион доллари эса Хитой инвестицияси ҳисобига тўғри келади.
Корхонада маҳаллий хомашё қайта ишланиб, замонавий қурилиш объектлари учун зарур керамогранит плиталар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 8 миллион квадрат метр маҳсулотни ташкил этади.
[gallery-31385]
Лойиҳа доирасида 500 га яқин янги иш ўрни яратилди. Корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 30 миллион АҚШ долларига етказилиши кўзда тутилган.
— Хитойлик ҳамкорлар билан йўлга қўйилган ушбу ишлаб чиқариш корхонасида катта ўлчамдаги ва юқори сифатли керамогранит плиталар тайёрланмоқда, - дейди қўшма корхона директори, “Шуҳрат” медали соҳиби Бобур Султоналиев. — Қувасой сойлари ва қир-адирларидаги тошлар қайта ишланиб, зарур қўшилмалар билан бойитилади. Тўлиқ автоматлаштирилган линия орқали тайёр маҳсулот олинади. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 400 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Қурилиш соҳасида талаб юқори бўлган керамогранит плиталарнинг катта қисми илгари хориждан импорт қилинган. Янги корхонанинг ишга туширилиши эса ушбу маҳсулотларни маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконини кенгайтирмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА