Ёш божхоначиларга ишонч ва эътибор
Жиззах вилоят божхона бошқармасида ёш ходимларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг хизматдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва келгуси фаолияти учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда замонавий божхона хизмати учун билимли, ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган кадрлар зарурлиги алоҳида таъкидланди. Жиззах вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Фарход Артиков ёш ходимларнинг касбий ривожланиши, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш ва ҳар бир ходимнинг ўз устида мунтазам ишлаши бугунги талаблардан эканини қайд этди.
Дарҳақиқат, божхона хизматида натижа, аввало, кадрнинг билими, тажрибаси ва масъулияти билан белгиланади. Айниқса, ташқи иқтисодий фаолият кўлами кенгайиб, божхона маъмуриятчилигида рақамли технологиялар ва замонавий бошқарув усуллари тобора кенг қўлланилаётган бугунги шароитда ёш мутахассисларнинг салоҳиятини тўғри йўналтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада давлат сиёсатида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги “Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида божхона хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш, тизим самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва соҳада янги ёндашувларни кенгайтиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилган. Фармонда, жумладан, божхона органлари фаолиятини рақамлаштириш, стартап лойиҳалар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини амалга ошириш назарда тутилган.

Бундай кенг кўламли вазифаларни амалиётга самарали татбиқ этиш эса, шубҳасиз, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Шу маънода, Жиззах вилоят божхона бошқармасида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилаётгани, уларнинг фикр ва таклифлари тингланаётгани соҳада инсон омилига, айниқса, ёш мутахассислар салоҳиятига катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
Учрашувда хизмат вазифаларини виждонан ва сидқидилдан бажариб келаётган, касбий маҳорати, хизмат интизоми ҳамда фаолиятидаги юқори натижалари билан ажралиб турган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди. Божхона қўмитаси раисининг тегишли буйруқларига асосан бир қатор ходимларга белгиланган навбатдаги махсус унвонларнинг тантанали равишда топширилгани тадбирга алоҳида руҳ бағишлади.

Зеро, хизматдаги меҳнатнинг эътироф этилиши шунчаки мукофот эмас. У ходимга билдирилган ишонч, зиммасидаги масъулиятни янада чуқур ҳис этишга ундайдиган маънавий таянчдир. Айниқса, ёш ходим учун бундай эътироф ўз устида янада кўпроқ ишлаш, билим ва малакасини ошириш, жамоа ишига муносиб ҳисса қўшишга куч бағишлайди.
Тадбирда раҳбарият вакиллари махсус унвонларга сазовор бўлган ходимларни самимий муборакбод этиб, уларга келгусидаги масъулиятли фаолиятида улкан муваффақиятлар, мустаҳкам соғлиқ ва юксак зафарлар тилади. Таъкидланганидек, божхона органларида яратилаётган рағбатлантириш тизими ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, хизматга садоқатини мустаҳкамлаш ва Ватан равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишга хизмат қилади.

Учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати, мулоқотнинг бир томонлама эмас, очиқ ва самимий руҳда кечганидир. Шахсий таркиб вакилларининг фикр ва таклифлари тингланиб, ёш ходимларнинг касбий ривожланиши ҳамда хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири