“Олтинсой” санаторийси замонавий талаблар асосида янгиланди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида нафақат шифохоналар ва оилавий поликлиникалар, балки санаторий ва соғломлаштириш муассасалари ҳам замонавий талаблар асосида янгиланмоқда. Бу эса инсон саломатлигига йўналтирилган эътиборнинг амалий натижасидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида фаолият юритаётган 30 дан ортиқ санаторий юртдошларимиз саломатлигини тиклашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Олтинсой” санаторийси ҳам ана шундай муассасалардан биридир. Яқинда ушбу сиҳатгоҳ тўлиқ реконструкция қилинди.

Реконструкция жараёнида икки қаватли бино тўлиқ замонавий кўринишга келтирилди. Маъмурий ва қабул бўлимлари, физиотерапия хоналари, туз ғори, жисмоний тарбия зали, озонотерапия, лазеротерапия, ингаляция, дарсонвал, УЗИ, кардиология ва ЭКГ хоналари замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланди.
– Албатта, бундай лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани юртимизда “инсон қадри учун” деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодасидир, – дейди санаторий раҳбари Неъмат Сувонов. – Чунки соғлом инсон – барқарор тараққиёт, кучли жамият ва фаровон ҳаётнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Санаторийларни модернизация қилиш орқали аҳолига сифатли тиббий хизматларни яқинлаштириш, профилактик даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда нуронийлар, меҳнат фахрийлари ва кенг аҳоли қатламининг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи тизим шаклланмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, аввал фақат мавсумий тарзда фаолият юритган санаторий эндиликда йил давомида узлуксиз хизмат кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида 85 нафар фуқарони қабул қилиш имкониятига эга бўлган масканда замонавий яшаш ва даволаниш шароитлари яратилган.

– Мен бу санаторийга биринчи марта келишим, – дейди Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи меҳнат фахрийси Оллоёр ота Норов. – Бу ерда яратилган шароитларни кўриб чиндан ҳам ҳавасим келди. Хоналар ёруғ ва шинам, даволаш ускуналари замонавий, ходимлар эса хушмуомала. Ёшимиз улғайган сари шундай масканларга эҳтиёж ортади. Давлатимиз томонидан нуронийларга кўрсатилаётган эътиборни шу ернинг ўзидаёқ ҳис қилдик. Бу ерда инсон нафақат даволанади, балки руҳан дам олади.

“Олтинсой” санаторийсининг қайта таъмирланиши амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Замонавий тиббий технологиялар, малакали мутахассислар, қулай инфратузилма ва юксак сервис бирлашган ушбу маскан нафақат Навоий вилояти, балки қўшни ҳудудлар аҳолиси учун ҳам ишончли соғломлаштириш марказига айланиши шубҳасиз.
А.Бўриев, ЎзА мухбири