Ўқувчилар ўртасида “Оммавий диктант” тадбири ўтказилди
“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоқ академик лицейи ўқувчилари ўртасида “Оммавий диктант” тадбири ташкил этилди.
Партия сайловолди дастурида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, унинг қўлланилиш доирасини кенгайтириш, ёш авлодни ўзбек тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш каби вазифалар белгиланган.

Мамлакатимизнинг кенг аҳоли қатлами, хусусан, ёш авлоднинг саводхонлик даражасини аниқлаш, давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборни кучайтириш, шунингдек, ёзма нутқ маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган оммавий диктант давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда катта аҳамиятга эга.

Шунингдек, тадбирда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, ўзбек адабий тилининг қўлланилиши ва таълимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир сўнггида ғолиб ва фаол иштирокчилар партия томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири