ОКМКда янги Оҳак заводи барпо этилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли саноат модернизацияси жараёнларида ишлаб чиқариш тармоқларини зарур хомашё ва реагентлар билан унумли ҳамда узлуксиз таъминлаш стратегик аҳамиятга эга. Бу борада «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан Жиззах вилоятининг Фориш туманида «Ёшлик-1 конини ўзлаштириш» инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги оҳак заводи нафақат комбинатнинг ички эҳтиёжларини қоплашга, балки ҳудудий саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим лойиҳалардан биридир.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 майдаги ПҚ-4731-сонли қарори асосида ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 99,9 млн АҚШ долларини ташкил этади. Завод тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, суткасига 2 200 тонна, йилига эса 737 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Эътиборли жиҳати, корхона тўлиқ кўмир ёқилғисида ишлашга мослаштирилган бўлиб, бу ишлаб чиқариш таннархини сезиларли даражада пасайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳанинг молиявий жиҳати комбинатнинг мустақил ва шаффоф ташқи қарз маблағларини жалб қилиш салоҳиятини яққол кўрсатади. Хитойнинг «Jiangsu Pengfei Group Co., Ltd.» компанияси билан EPC-шартномаси имзоланиб, бош пудратчига 15,0 млн доллар миқдорида аванс тўлови амалга оширилган. «Bank of China» банки билан «Sinosure» суғурта компанияси қопламаси остида 84,8 млн долларлик кредит шартномаси расмийлаштирилган. Хомашё базаси сифатида Фориш туманидаги маҳаллий «Чимқўрғон-1» ва «Чимқўрғон-2» оҳактош конлари белгиланган бўлиб, бу ишлаб чиқариш занжирининг тўлиқ маҳаллийлаштирилишини таъминлайди. Лойиҳа доирасида ҳудудда 323 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

2026 йил 10 август ҳолатига кўра инвестиция лойиҳасини ҳуқуқий ва техник жиҳатдан пухта тайёрлаш мақсадида барча зарур экспертиза жараёнлари муваффақиятли якунланган. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги 302-сонли қарори билан расман тасдиқланган. Бош пудратчи томонидан 60,0 млн долларлик замонавий технологик ускуналар ишлаб чиқарилиб, жўнатишга шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, шаҳарсозлик, саноат хавфсизлиги ва давлат архитектура-қурилиш назорати идораларидан ижобий хулосалар олиниб, қурилиш ишларига қонуний старт берилган.

Айни пайтда заводнинг 21,2 гектарлик ҳудудида қурилиш-монтаж босқичи фаол давом этмоқда. Сафарбарлик ишлари тўлиқ якунланиб, майдонга 20 та махсус техника жалб этилган. Заводнинг маъмурий-маиший комплекслари, ошхона ва ишчилар ётоқхоналари биноларига бетон плиталар ётқизилиб, деворларни тиклаш ишлари олиб бормоқда. Энг муҳими, заводнинг асосий технологик ускуналари пойдевори учун котлован қазиш босқичи бошланган. Маҳсулотларни ташиш ва логистика занжирини йўлга қўйиш учун темир йўл тармоғини қуриш ишлари жадал суръатларда бормоқда. Бу йўналишда ер жинсларини қазиб олиш ва қайта ётқизиш ишлари лойиҳа бўйича 37 100 куб метр ҳажмда ишлар бажарилиб, тайёргарлик даражаси 95 фоизга етказилган. Саноат майдонига 2 264 дона темир-бетон шпаллар ва стрелкали ўтказгичлар учун махсус бруслар келтирилган.

Объектни барқарор энергия билан таъминлаш мақсадида ерлаштириш ва кабель каналларини ётқизиш ишлари 100 фоизлик кўрсаткич билан якунланган. Юқори қувватли 110 кВли ҳаво тармоғи электр таянч устунларининг 4 таси монтаж қилиниб, 16 000 кВА қувватга эга иккита трансформатор подстанцияси майдони ва бетон таянчлари қуриб битказилган. Бугунги кунда қурилиш майдончасида жами 106 нафар юқори малакали мутахассис ва ишчилар меҳнат қилмоқда. Меҳнат ресурсларининг тақсимоти лойиҳанинг устувор йўналишларига кўра тўғри йўналтирилган: асосий куч, яъни 80 киши маъмурий ва турар жой фонди қурилишига, 18 нафар ходим темир йўл тармоғига ва 8 нафар мутахассис мураккаб электромонтаж ишларига сафарбар этилган.

Мазкур инвестиция лойиҳасининг тизимли ва изчил амалга оширилиши Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш қувватларини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим пойдевор бўлади.

Фориш туманида замонавий технологиялар асосида барпо этилаётган ушбу завод яқин йилларда нафақат комбинатимизнинг, балки бутун Янги Ўзбекистон саноатининг ривожланиш суръатларини тезлаштиришга хизмат қилади.
Ахборот хизмати