Узумчилик Ўзбекистоннинг халқаро брендига айланади
Фарғона вилоятида узумчилик деганда, аввало, Олтиариқ тумани кўз олдингизга келади. Бу ҳудудда узум етиштириш оддий қишлоқ хўжалиги тармоғи эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ўзига хос деҳқончилик мактабидир.Олтиариқлик боғбонлар узум парваришининг агротехник усулларини, нав танлаш, ҳосилни саралаш, сақлаш ва бозорга чиқаришнинг ўзига хос усулларини йиллар давомида такомиллаштириб келган. Шу боис бу ерда етиштирилаётган узум нафақат Ўзбекистон бозорида, балки хорижда ҳам ўз харидорларига эга.
Олтиариқ узумчилигининг муҳим устунликларидан бири навлар хилма-хиллиги ва уларнинг бозор талабига мослаштирилганидир.
Бугун экспортбоп навлар орасида Ризамат, Ҳусайни, Келинбармоқ, Қора кишмиш каби навлар алоҳида ўрин тутади.
– Ҳозирда “Хайрулло Бойматов” фермер хўжалигимизда 200 гектар боғ бор, – дейди иш юритувчи Муҳаммадали Мамадисаев. – Ҳозир 10 хил навли узумлар бор. F1, Mercedes, уруғи йўқ навлар етиб келди. Уларни пайванд қилдик. Avatar, Lamborghini, Manicure Finger навлари чатиштирилди.
Фермер хўжалиги мутахассислари энди эътиборни харидорнинг турли табақасига қаратишмоқда. Яъни айрим касаллик билан оғриган беморлар ҳам энди узумдан бебаҳра қолмайдилар.
– Ундан ташқари, Максим деган узум нави бор. Глюкозаси ўта паст миқдорда. Қанд касали бор одамлар ҳам еса бўлади, – дейди Муҳаммадали Мамадисаев.

Узум етиштиришнинг ўзи ҳали юқори экспорт даромадини кафолатламайди. Ҳосилни йиғиб олингандан кейин унинг сифатини сақлаб қолиш, саралаш, совутиш ва белгиланган муддатда истеъмолчига етказиш ҳам муҳим.
Шу маънода Олтиариқда совуткичли омборхоналар тармоғининг ривожланаётгани катта аҳамиятга эга. “Хайрулло Бойматов” фермер хўжалигининг ўзида 2 минг тонна сиғимга эга совутгичли омборхона бор.
Бу тажрибанинг иқтисодий аҳамияти шундаки, фермер ҳосилни пишган пайтда дарҳол арзон нархда сотиб юборишга мажбур бўлмайди. Сақлаш имконияти мавжуд бўлса, бозор конъюнктураси, экспорт шартномалари ва нархларни ҳисобга олган ҳолда маҳсулотни кейинроқ ҳам реализация қилиш мумкин.

2025 йил январь-декабрь ойларида Фарғона вилояти 98,6 минг тонна узумни 97,5 миллион АҚШ долларига экспорт қилган эди. Шу йилнинг бугунги кунигача эса бир неча ўн минг тонна узум Осиё, Европа мамлакатларига, ҳатто Америкага ҳам йўл олди.
Олтиариқда узумчиликни янада ривожлантириш учун бир неча йўналиш айниқса муҳим.
Биринчидан, экспортбоп янги навларни кўпайтириш зарур. Жаҳон бозорида ташқи кўриниши чиройли, йирик, ширин, уруғсиз ва ташишга чидамли узумга талаб юқори.
Иккинчидан, қадоқлаш маданиятини ошириш муҳим. Европа ва бошқа юқори талабли бозорларда маҳсулотнинг таъми билан бир қаторда қадоғи, ёрлиғи, келиб чиқиши, донадорлиги ва фитосанитар ҳужжатлари ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Учинчидан, узумчиликни туризм билан боғлаш мумкин. Узумзорлар, қадимий токчилик анъаналари, ҳосил байрамлари, узумни қайта ишлаш ва қуритиш технологиялари асосида агротуризм йўналишларини ташкил этиш ҳудуд иқтисодиётига қўшимча даромад келтиради.
Бугун Олтиариқ узуми оддий қишлоқ хўжалиги маҳсулотигина бўлиб қолмай, кўпроқ экспортбоп брендга айланиб бормоқда.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/fddd1Ok8i7Q" title="Uzumchilik – O`zbekistonning xalqaro brendiga aylanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео),
ЎзА