Меҳнат ортидан келган эътироф
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Citrus city” МЧЖ директори Носиржон Бекмуродовнинг ҳаёт ва меҳнат йўли тадбиркорлик, изланиш ва қатъият намунасидир.
Асли касби ўқитувчи бўлган Н. Бекмуродов қарийб 20 йил касбий таълим соҳасида фаолият юритган. Шу билан бирга, ердан самарали фойдаланиш, замонавий боғдорчиликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратган.
Дастлаб хонадон томорқасидаги 30 сотих майдонда лимон етиштиришни йўлга қўйган тадбиркор 2020 йилда самарасиз боғлар ўрнида 1,5 гектар майдонда лимонария ташкил этиб, “Citrus city” корхонасига асос солди.
Бугунги кунда иссиқхона майдони 8 гектарга етган. Корхонада 50 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Мавсумий ишлар даврида эса 200 нафарга яқин аҳоли меҳнат қилиб, даромад олади.
[gallery-30939]
Уч йил аввал содир бўлган нохуш воқеа оқибатида Носиржон Бекмуродовнинг соғлигида жиддий муаммолар юзага келиб, ҳаракатланиш имкониятлари чекланган. Шунга қарамай, бу ҳолат унинг тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши ва янги мақсадлар сари интилишига тўсқинлик қилмади.
Айни пайтда тадбиркор 100 тонна сиғимга эга музлаткичли омбор ташкил этиш, маҳсулотларни сақлаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий лимонни хорижий бозорларга экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Носиржон Бекмуродовнинг кўп йиллик самарали меҳнати, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси муносиб баҳоланди. У Президентимизнинг тегишли фармойиши асосида “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА