Оҳангаронда 2 миллиард долларлик “Ақлли шаҳар” лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилмоқда
Оҳангарон тумани ҳокимлиги ҳамда Корея Республикасининг NCG GROUP компанияси ўртасида инвестициявий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандумга мувофиқ, Оҳангарон туманида замонавий рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларига асосланган «Ақлли шаҳар» (Smart City) лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу йирик инвестициявий лойиҳа туманнинг келгуси тараққиёти, инфратузилмасини модернизация қилиш ва аҳоли учун замонавий яшаш муҳитини шакллантиришга қаратилган.

Лойиҳа доирасида шаҳарсозлик ва инфратузилма соҳаларига илғор технологияларни жорий этиш, давлат ва коммунал хизматлар самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли бошқарув ечимлари орқали ҳудуддаги турли жараёнларни автоматлаштириш, бошқарув сифатини яхшилаш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар қулайлигини ошириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан яна бири — саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришдир. Хусусан, Жанубий Кореянинг жаҳон бозорида ўз ўрнига эга LG ва Samsung каби йирик компаниялари томонидан ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш ҳам назарда тутилган.
Бу эса Оҳангарон туманида замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринларини ташкил этиш имкониятларини кенгайтиради.
Умуман, «Ақлли шаҳар» лойиҳаси нафақат инфратузилмани янгилаш, балки Оҳангарон туманининг иқтисодий салоҳиятини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва халқаро инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Имзоланган меморандум ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг дастлабки муҳим қадами бўлиб, лойиҳанинг кейинги босқичларида унинг техник, иқтисодий ва ташкилий жиҳатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалий чора-тадбирларни белгилаш назарда тутилади.
ЎзА