Тиббиётдаги ўзгаришлар — инсон саломатлиги учун
Тиббиётда вақт — инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ муҳим мезон. Беморни ўз вақтида қабул қилиш, тўғри ташхис қўйиш ва зарур ёрдамни кечиктирмасдан кўрсатишда замонавий технологиялар ҳамда самарали бошқарув тизими алоҳида аҳамият касб этади. Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли учун янада қулай имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида «Тиббий хизматларда рақамли технологиялар ва электрон навбат тизимларининг жорий этилиши» мавзусида ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фаолларига маълумот берилди. Тадбирда соҳадаги ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси режалар ҳақида сўз юритилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Воҳид Худойқулов ва унинг ўринбосари Азамат Аҳмедов иштирокида ўтган мулоқотда тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, замонавий даволаш усулларини жорий этиш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларидаги ишлар атрофлича ёритилди.
Бошқарма бошлиғининг маълум қилишича, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада юқори технологияли тиббий амалиётларни маҳаллий шароитда бажариш имкониятлари кенгаймоқда. Илгари беморлар республика ёки хорижий клиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўлган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда вилоятнинг ўзида ҳам бажарилмоқда. Жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси каби мураккаб амалиётларнинг маҳаллий шифохоналарда йўлга қўйилгани бу борадаги муҳим натижалардан биридир.
Вилоят тиббиётининг имкониятларини янада кенгайтиришда халқаро ҳамкорликка ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Туркия, Беларус, Германия ва Қозоғистон каби давлатларнинг тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Яқинда Туркиянинг яна иккита клиникаси билан келишувга эришилган.
Ушбу ҳамкорлик доирасидаги лойиҳалардан бири экстракорпорал уруғлантириш — ЭКО йўналишини ривожлантиришга қаратилган. Бу айниқса, фарзандли бўлиш истагидаги, аммо тиббий муаммолар сабаб қийинчиликларга дуч келаётган оилалар учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда. Лойиҳани 2027 йил бошидан амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, вилоятда катталар реабилитация марказини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Марказда инфаркт, инсульт, автоҳалокат ва бошқа оғир жароҳатлардан кейин тикланишга муҳтож беморларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. Айни пайтда бундай хизматларга эҳтиёж юқори. Янги марказ беморларнинг йўқотилган саломатлигини тиклаш, кундалик ҳаётга қайтиши ва ҳаёт сифатини яхшилашга кўмаклашади.
Бундан ташқари, вилоят кардиология шифохонаси Гулистон тиббиёт кластерининг янги биносига кўчирилганидан сўнг, унинг ҳозирги биносида Туркиянинг «Мемориал» клиникаси билан ҳамкорликда тиббий хизматларни ташкил этиш режалаштирилган.
Тиббий хизмат сифати, аввало, малакали мутахассисларга боғлиқ. Шу боис шифокорларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг билим ва амалий кўникмаларини мунтазам янгилаб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳабибулла Оқилов иштирокида ўтказилган учрашувда вилоят шифокорларининг малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилган. Унга кўра, маҳаллий мутахассислар республикадаги 27 та ихтисослаштирилган марказ ва кафедраларда бепул билим ва тажриба орттириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, республикадан малакали профессор-ўқитувчиларни вилоятга жалб этиб, жойларда назарий ва амалий машғулотлар ўтказиш режалаштирилган.
Ёш кадрларни тайёрлашда ҳам замонавий ёндашувлар татбиқ этилмоқда. «Ёшлар куни» доирасида Гулистон давлат университети тиббиёт факультетининг 57 нафар битирувчи талабасига тиббиёт муассасалари бириктирилиб, дуал таълим тизими йўлга қўйилган. Бу орқали талабалар назарий билимларини бевосита амалиётда мустаҳкамлаш, иш жараёни билан эртароқ танишиш ва келгуси касбий фаолиятига пухта тайёргарлик кўриш имконига эга бўлмоқда.
[gallery-32600]
Пресс-турнинг асосий мавзуси — соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш борасидаги ишлар ҳақида бошқарма бошлиғи ўринбосари Азамат Аҳмедов батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, вилоятдаги кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар, шунингдек, марказий шифохоналар оптик алоқа линиялари орқали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган. Тиббиёт муассасаларида локал тармоқлар тўлиқ ўрнатилган. Бу тиббий маълумотлар алмашинуви, электрон ҳужжатлар билан ишлаш ва ягона рақамли тизимдан самарали фойдаланиш учун зарур инфратузилмани шакллантирмоқда.
Айниқса, ДМЕД ахборот тизимини тўлиқ жорий этиш учун муассасаларни замонавий компьютерлар ва бошқа ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлашга катта эътибор қаратилган.
2025 йилда республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан вилоят тиббиёт муассасаларига 2 207 та моноблок, 58 та ноутбук, 879 та планшет, 70 та инфокиоск, 340 та смарт-телевизор, 816 та принтер ва 846 та термопринтер етказиб берилган.
Шу билан бирга, 412 та этикет-принтер, 685 та 2D сканер, 200 та веб-камера, 234 та PalmID қурилмаси, 19 та автоматлаштирилган сканер, 263 та Wi-Fi роутер, 294 та L2 Ethernet Switch ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган 147 та Firewall Appliance қурилмаси ва бошқа техник воситалар харид қилинган.
Жиҳозлаш ишлари 2026 йилда ҳам давом эттирилди. Йилнинг биринчи чорагида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 58 та замонавий ноутбук, KfW банки лойиҳаси доирасида эса 36 та моноблок компьютер ва 80 та планшет ажратилди.
Бундан ташқари, Сирдарё тумани соғлиқни сақлаш бўлимига маҳаллий бюджетдан 459,9 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, ушбу маблағ эвазига 73 та моноблок, 12 та смарт-телевизор ва архив ҳужжатлари билан ишлаш учун 19 та автоматлаштирилган сканер харид қилинган. Жиҳозлар янги ташкил этилган оилавий поликлиникаларга етказилган. Шунингдек, туман тиббиёт муассасалари учун қўшимча 30 та замонавий моноблок компьютер сотиб олинган. Бундай техник имкониятлар тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини ягона тизим асосида бошқариш, беморлар ҳақидаги маълумотларни тезкор олиш, электрон навбатни ташкил этиш ва тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари рақамли соғлиқни сақлаш маркази фаолияти билан ҳам танишдилар. Мазкур марказ Тиббиёт ходимлари куни арафасида, ноябрь ойининг иккинчи шанба куни фойдаланишга топширилган эди. Уни ташкил этиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий мониторлар, компьютерлар ва бошқа зарур техник воситалар ўрнатилган.
Умуман олганда, Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш ва мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар ўзаро уйғун ҳолда олиб борилмоқда. Бу жараёнлар тиббий хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш, беморлар учун ортиқча вақт ва оворагарчиликни камайтириш, энг муҳими, ҳар бир инсонга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради. Зеро, тиббиётдаги ҳар бир янгиланишнинг бош мезони — инсон саломатлиги ва асралган ҳаётдир.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат ва видео), ЎзА