Адлия ходимлари она тилидан диктант ёзди
Наманганда вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан “Ўзбек тилим – жону дилим” шиори остида адлия ходимлари ўртасида диктант ёзиш бўйича тадбир уюштирилди.
Ўзбек тилига давлат тили мақомини оширишга қаратилган мазкур тадбир вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Наманган ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Даставвал, Наманган шаҳар ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Азизбек Абдувалиев она тилимизнинг миллий ўзликни англаш, маънавият ва тарихимиздаги беқиёс ўрнига алоҳида тўхталиб, давлат тилининг нуфузини ошириш, уни асраб-авайлаш ҳамда кундалик ҳаёт ва расмий иш юритишда адабий тил меъёрларига риоя этиш муҳимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг вилоят адлия бошқармаси ҳамда шаҳар, туман адлия бўлимлари ходимлари иштирокида диктант бошланди. Иштирокчилар ўзбек тилида тўғри ва саводли ёзиш кўникмаларини синовдан ўтказиб, она тилига бўлган ҳурмат ва эҳтиромларини намоён қилди.

Диктант натижаларига кўра, Наманган вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Дилшодбек Неъматов ғолибликни қўлга киритди. Фахрли иккинчи ўринни Наманган шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси Шамсиддин Муҳаммадалиев эгаллади. Учинчи ўрин Чуст тумани адлия бўлими Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлими инспектори Жайрона Ботиралиевага насиб этди.

Ғолиблар Наманган вилояти адлия бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ушбу тадбир давлат тилига бўлган ҳурматни янада юксалтириш, ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлаш, адлия органлари ходимларининг ёзма саводхонлигини ошириш ҳамда она тилимиздан оқилона фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири