Нуронийлар тажрибаси ёшларга ибрат
Жонажон Ватанимизда халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили асосида амалга оширилаётган, нуроинийлар ёшига ёш, ғайратига шижоат қўшаётган ислоҳотлар моҳиятида ҳар бир кишини ҳаётдан рози қилишдек улуғвор мақсад мужассам.
Айниқса, кексаларимизнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларнинг беназир мураббий сифатидаги тажрибаларидан ёш авлод ўртасида оқилона фойдаланишга оид изчил давлат сиёсати бугун бутун юртимиз, хусусан, Наманган вилоятидаги 750 дан ортиқ маҳаллаларда ўз натижасини бермоқда. Бу жиҳатдан мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар диққатга молик.
Бинобарин, Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ҳамда 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш белгиланган.
Кўрсатилаётган эъзозу эҳтиром нуроний отахону онахонларни чин маънода фаолликка чорламоқда. Бугун пиру бадавлат кишиларимиз чин маънода ташаббускор кучга айланди. Биргина ўтган 2025 йил аввалида Наманган вилояти бўйича 2 минг 243 фаол нуроний 22 минг 430 уюшмаган ёшга бириктирилиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари самарасида бу йигит-қизларнинг 19 минг 200 нафари ёки 85,6 фоизини муаммоли тоифадан чиқаришга эришилган. Шаҳар, туманлар, чекка ва олис қишлоқларда мавжуд 1 минг 370 оғир оилага бир нафардан нуроний бириктирилиб, тушунтириш натижасида ажрим ёқасидаги ёки бошқа муаммоси мавжуд 1364 оила мустаҳкамланди.
– Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маҳаллаларда турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик муҳитини яратишда ҳаётнинг пасту баланд синовларида тобланган қадрли меҳнат фахрийларининг хизматлари катта, – дейди “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов. – Бу борада “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар эртамиз эгаларининг таълим-тарбиясида кутилган ижобий натижани бермоқда. Бунда ҳар бир маҳаллада “Кексалар маслаҳати” гуруҳи фаоллари ўзлари яшаб турган ҳудудда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари билан тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшларнинг, ажрим ёқасида турган ёш оилаларнинг муаммоларини ҳал этаётгани қувонарлидир.
Дарҳақиқат, ёшлар таълим-тарбиясида алоҳида ўрин тутадиган қарияларни қадрлаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда бир қатор саховатпеша ташкилотлар томонидан салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Наманган вилоятида истиқомат қилаётган 336 мингдан зиёд кексалар, шу жумладан, 2 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчси, 235 нафар фронт орти меҳнат фахрийси, ўзгалар парваришига муҳтож 1901 нафар кексанинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳар бир шаҳар ва туманда кексаларнинг дам олиши, спорт билан шуғулланиши ва китоб ўқиши учун “Нуронийлар маскани” барпо этилган.
Ўтган 2025 йил мобайнида 4 минг 700 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирларда 64,7 мингдан ортиқ нуронийлар ва 127 мингдан зиёд ёшлар жалб этилди. Хусусан, Республикамиз бўйлаб кенг қулоч ёйган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда 4 минг 200 марта ташкил этилиб, унда 56,8 мингдан ортиқ нуронийлар ва 126,7 мингга яқин ёшлар иштирок этди. Шаҳар, туманлардаги узоқ йиллар бирга тинч-тотув яшаб, том маънода қўша қариш саодатига эришган оилалар ёшларга намуна этиб кўрсатилди.
Вилоят бўйича 144 минг 300дан ортиқ кексалар ички туризмга жалб этилиб, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидаларига саёҳатга юборилди. Шунингдек, 117,9 мингдан ортиқ катта авлод вакилларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг 65,2 минг нафари бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 8077 нафари дори-дармонлар, 39,5 минг нафари озиқ-овқат маҳсулотлари, 1381 нафари эса реабилитация воситалари билан таъминланди. 1 минг 283 нуроний сиҳатгоҳ ва санаторийларда мароқли дам олиб, саломатлиги мустаҳкамланди.
Бундай эътибор ва ғамхўрликларга жавобан жонкуяр нуронийлар жамият ҳаётида алоҳида жонбозлик кўрсатиб келишмоқда. Ижтимоий соҳадаги жараёнлар, давлат идоралари томонидан зиммаларига юкланган вазифаларни тўлақонли бажариш, давлат дастурларининг ижроси, мактаблардаги давомат ва дарс жараёнлари, томорқадан фойдаланиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси, бандлик каби долзарб масалалар устидан 48,6 минг марта жамоатчилик назорати ўтказилган.
[gallery-28436]
Эътироф этиш даркор, ўтган йилнинг декабрь ойида ўтказилган “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосидаги республика кўрик-танловига Наманган шаҳри мезбонлик қилиб, тадбир кўтаринки руҳда ташкил этилди. Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган барча иштирокчи ва уларнинг жамоалари танловда беллашиш асносида Наманган вилоятининг моддий-маданий мерос объектлари ҳамда мустақиллик даврида барпо қилинган замонавий иншоотлари бўйлаб тур-саёҳатда ҳам бўлишди.
Танловда Бухоро, Навоий ва Тошкент шаҳридан келган ҳамкасбларини ортда қолдирган Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги “Боғкўча” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Кексалар масалаҳати” гуруҳи раҳбари, фахрий педагог Саида Убайдуллаева ғолибликни қўлга киритди.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда фидойи нуронийларнинг меҳри, ишончи билан муаммолари ҳал этилиб, мустақил ҳаётда ўз ўрнини топаётган ёшлар, келгусида жамиятимизнинг чин маънодаги бунёдкорларига айланишади. Зотан, нуронийлар бундан кейин ҳам Янги Ўзбекистон тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ижросида ҳамиша камарбаста бўлишади..
Оқилхон Дадабоев, ЎзА