Меҳнат фахрийсига эҳтиром
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашига O‘zLiDeP партиясидан сайланган депутатлар ҳамда партия фаоллари ички ишлар органлари фахрийси, 103 ёшни қаршилаган Аҳмад Муҳсинов хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олди.
Аҳмад Муҳсинов ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган, жасорат ва фидойилик намунасини кўрсатган инсонлардан бири. У Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, фронтда Ватан ҳимояси учун муносиб ҳисса қўшган. Урушдан сўнг Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган. Олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлагандан кейин бир муддат мактабда тарих фанидан дарс бериб, ёш авлодни билим ва маърифатга чорлади.
Кейинчалик қарийб 20 йиллик меҳнат фаолияти ички ишлар органлари тизимида давом этди. У турли лавозимларда ишлаб, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилди. Унинг кўп йиллик самарали меҳнати ва юксак жасорати давлатимиз раҳбари томонидан бир неча бор муносиб тақдирланган.

Хонадонда дастурхон атрофида самимий суҳбат бўлиб ўтди. Партия фаоллари фахрийнинг ҳаёт йўли, матонати ва Ватанга садоқатини алоҳида эътироф этиб, унга эсдалик совғалари топширди.
–Бугун биз юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида улкан ҳисса қўшган инсон ҳолидан хабар олиш бахтига муяссар бўлдик, –дейди вилоят Кенгаши депутати Бобомурод Очилов. –Аҳмад ота каби фидойи инсонлар халқимиз ифтихори, ёшлар учун ҳақиқий ибрат намунасидир. Уларни эъзозлаш, ҳолидан хабар олиш ва ҳурмат кўрсатиш нафақат бурчимиз, балки инсонийлик мезонидир. Бугунги кунда партиямиз томонидан кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасини ёшларга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби учрашувлар эса авлодлар ўртасидаги боғлиқликни янада мустаҳкамлайди.
Ўз навбатида Аҳмад Муҳсинов ҳам кўрсатилаётган юксак эътибор ва ҳурмат учун миннатдорчилик билдирди. У юртимиздаги тинчлик ва осойишталик абадий бўлишини тилаб, дуо қилди.
Дарҳақиқат, бундай хайрли ташаббуслар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлодга ҳурмат руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири