Жиззахлик тарбиячининг тажрибаси
Эрталабдан Жиззах шаҳридаги 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳовлисида қушлар сайроғи авжига чиқади, болалар кулгиси жаранглайди. Бир бурчакда эса қўғирчоқлар — ажойиб эртакларнинг қаҳрамонлари.
Бир вақтлар ташландиқ аҳволга келиб қолган бино бугун 180 нафар бола учун шинам, замонавий, меҳрга тўла таълим-тарбия масканига айланган. Унинг бундай ажойиб ҳолга келишида шу муассаса директори, олий тоифали логопед, доцент Мамлакат Эрматованинг хизматлари катта.

Бу ерда болалар ўйнаб-кулишади, орзу қилишади, янги дўстлар орттирашади...
Боғчада қўғирчоқлар ҳам оддий ўйинчоқ эмас. Улар тарбиячиларнинг қўл меҳнати, қалб ҳарорати, меҳри билан яратилган.

— Болажонлар дунёни ўйин орқали англайди, — дейди Мамлакат опа. — Шунинг учун биз улар билан ўйин тилида гаплашамиз. Ҳар бир бола — алоҳида олам. Уни тушуниш учун эса, аввало, унинг қалбига кириш керак.

Ана шу фалсафа Мамлакат Эрматовани оддий тарбиячиликдан ҳақиқий раҳбарга айлантирди. “Йил тарбиячиси”, “Йил аёли”, “Ташаббус” танловлари ғолибаси, қирқдан ортиқ илмий ишлар муаллифи сифатида у мактабгача таълимга ўз йўлини, ўз мактабини олиб кирди.

Аммо у учун энг катта ютуқ — мукофотлар эмас. Бу — болаларнинг кўзидаги ишонч. Бу ишонч уни янада юксак марраларга етаклади. “Лидер аёл” республика танловидаги ғалаба — ана шу меҳнатга берилган юксак баҳо бўлди. Бироқ бу ютуқ уни тўхтатмади. Аксинча, янада катта масъулият, янги куч, янги ғайрат билан ишлашга ундади.

Хитой Халқ Республикасига қилинган малака ошириш сафари унинг қарашларини янги ранглар билан бойитди. Етти кун, 146 соатлик илмий-амалий машғулотлар — бу шунчаки сафар эмас, балки янги билимлар, янги дунёқараш, янги илҳом манбаи бўлди.
У ерда у фақат ўрганмади. Ўзини, ўзлигини ҳам намоён қилди. Қўғирчоқ орқали таълим бериш методикаси хитойлик болалар иштирокида амалда синаб кўрилди ва юқори баҳоланди.

— Энг қувонарлиси, — дейди опа самимият билан, — миллий қўғирчоқларимиз асосида яратган методикам уларда катта қизиқиш уйғотди. Бу мен учун катта бахт.
Бу эътироф — фақат шахсий ютуқ эмас. Бу — миллий педагогикамизнинг халқаро майдондаги акс-садосидир.
Хитойдаги илғор тажрибалар — экологик таълим, рақамли технологиялар, эркин фикрлаш муҳити — унда катта таассурот қолдирган бўлса-да, у энг муҳим хулосани аниқ ва равшан баён қилди:

— Миллийлик ва замонавийлик уйғунлиги — тараққиётнинг энг тўғри йўли.
Бу сўзлар ортида йиллар мобайнида орттирилган катта тажриба, изланиш, энг муҳими — ўзига нисбатан қатъий ишонч бор.

Бугун мамлакатимизда таълим соҳасида катта изланишлар олиб борилмоқда. Бу изланишларнинг асосида албатта етук технологиялар, шунингдек, юксак маънавият, меҳр-муҳаббат ва катта масъулият ётади.
Мамлакат Эрматова ана шуларни юракдан ҳис қилган, бугунги куннинг илғор педагог аёлларидандир.
Абдужалол Қаюмов (сурат), ЎзА мухбири